Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ижрочилар ҳуқуқларини жамоавий бошқариш тизими жорий этилади

Интеллектуал мулк номоддий кўринишдаги инсон тафаккурининг, ақл-идрокининг маҳсули ва натижасидир. Интеллектуал фаолият нафақат муаллифлар, балки ижрочилар, турдош ҳуқуқларнинг бошқа субъектлари ижодий ҳаракатларига ҳам бевосита боғлиқ. Ушбу субъектлар ҳуқуқий табиатига кўра, иккиламчи ҳуқуқ эгалари сифатида, яъни муаллифлар томонидан яратилган асарларни, такрорлаш, қайта ишлаб чиқариш, ёзиб олиш ёки ижро қилишлари билан ажралиб туради.

Турдош ҳуқуқлар деганда яратилган фан, адабиёт, санъат асарларини ижро этиш, ёзиб олиш, нусха кўпайтириш, эфир ёки сим орқали узатиш ва бошқача усулда такрорлашда юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи нормалар мажмуи тушунилади. Турдош ҳуқуқлар интеллектуал мулк ҳуқуқининг таркибий қисми, хусусан, муаллифлик ҳуқуқи қонунчилиги билан тартибга солинадиган ҳуқуқ тизимининг алоҳида йўналиши ҳисобланади.

Жисмоний шахс бўлган турдош ҳуқуқлар субъектлари - муаллифлик ҳуқуқи субъектларининг ҳуқуқий лаёқатидан фарқ қилиб, улар асарни ижро этган, такрорлаган ёки қайта ишлаб чиқарган пайтдан бошлаб субъект сифатида тегишли ҳуқуқий мақомга эга бўлади.

Турдош ҳуқуқлар субъекти бўлган юридик шахслар – телевидение, кабелли телевидение, радиостанция, фонограмма ишлаб чиқарувчилар ўз фаолиятини тегишли тартибда лицензия олгандан сўнг, дастлаб юридик шахс мақомини олиш билан характерланади. Юридик шахс мақомидаги турдош ҳуқуқлар субъектлари, бир вақтнинг ўзида хўжалик юритувчи субъектлар ҳам ҳисобланади. Улар юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтса-да, лекин ўз Низомларида белгиланган фаолият билан шуғулланишлари учун лицензия оладилар.

Халқаро ҳуқуқ нормаларида белгиланишича, турдош ҳуқуқлар субъектлари билан муаллифлик ҳуқуқи субъектларининг ҳуқуқлари бир–бирига ўхшаб кетади. Лекин уларнинг зиммасига муаллифларнинг ҳуқуқларига тўлиқ риоя этиш, асарларнинг дахлсизлигини таъминлаш, асарлар қайта ишлаб чиқарилаётганда ундан фойдаланувчиларга асарнинг ҳимоя қилинаётгани тўғрисида ахборот бериш каби қатор мажбуриятлар юклатилади. Бу субъектларнинг ҳуқуқлари мутлақ ҳисобланади ва у учинчи шахсларга фақат шартнома асосида ўтказилиши мумкин.

Ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг кенг тарғиботчиларига айлантиришга ҳаракат қилиняпти. Айниқса, ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини яратиш, оғир бир шароит - пандемия даврида ижодкорларни моддий жиҳатдан таъминлаш йўллари қидирилмоқда.

Мамлакатимизда муаллифлар ва ижрочилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий бошқариш мақсадида "Муаллифлар ва ижрочилар палатаси"ни ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Ушбу йўналишда топшириқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6000-сон фармонининг 6-бандида кўзда тутилган.

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Президентимиз томонидан видеоселектор ўтказилди. Унда интеллектуал мулк, хусусан, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни янгича усулларда ҳимоя қилишга алоҳида урғу берилди, қатор давлат органлари ва идоралар олдига вазифалар қўйилди. Видеоселекторда ҳам яна бир бор Палатани ташкил этиш ва уни қўллаб-қувватлашда тегишли вазирлик ва бошқа манфаатдор идораларга бир қатор топшириқлар берилди.

Келгусида тузиладиган Палатанинг асосий вазифаси аъзоларининг асар ёки турдош ҳуқуқ объектлари (ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари) омма олдида намойиш этилганда, прокатга берилганда ёки эфирга узатилган ёхуд сим (кабель) орқали барчанинг эътиборига юборилганда ҳақ олишларини таъминлаш, асар муаллифларининг, ижрочиларнинг, фонограммани ва аудиовизуал асарни тайёрловчиларнинг аудиовизуал асарлар ёки фонограммалар такрорланганлик учун ҳақ олиш ҳуқуқини амалга оширишдан иборат бўлиши лозим.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар марказида турдош ҳуқуқларга оид қонунчиликни амалда қўллаш, ижрочилар ҳуқуқларини жамоавий бошқариш тизимини йўлга қўйиш, ҳуқуқ эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш инсонпарварлик сиёсатимизнинг намойиши ҳисобланади.

Гулнора ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Тошкент давлат юридик университети

ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.