Институтда фан ва таълимни ривожлантиришда қандай ислоҳотлар амалга оширилмоқда?
Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, аграр соҳада илмий-тадқиқот ишларини жадал ривожлантириш ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этиш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Бу жараёнда олий таълим муассасалари, хусусан, аграр йўналишда кадрлар тайёрлайдиган муассасаларнинг ўрни беқиёсдир. Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтининг агробиология факультетида ўсимликшунослик кафедраси ташкил этилган.
Бугунги кунда кафедрада 6 нафар профессор, қишлоқ хўжалиги фанлари докторлари, 15 нафар доцент ва катта ўқитувчи қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа фанлари докторлари, 8 нафар ассистент, шунингдек, икки нафар Жанубий кореялик профессор-ўқитувчилар фаолият юритмоқда.
Кафедра юртимиз қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларига малакали кадрларни тайёрлаб бермоқда. Бунда талабаларга юқори педагогик технологиялар асосида турли хил фанлардан маъруза, амалий ва лаборатория дарслари ўтилади ҳамда ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларига раҳбарлик қилинади. Дарслар замонавий фан ютуқлари ва ишлаб чиқариш талаблари асосида олиб борилади. Шу билан бирга талабаларнинг ижодий фикрлашига, мустақил тадқиқотлар олиб боришига алоҳида эътибор берилади. Иқтидорли талабалар билан бакалавриат ва магистратура давомида устоз-шогирд анъанасида ишлар олиб борилади.
Институтда “Ўзбекистонда картошка уруғчилигини ривожлантиришда кадрлар салоҳиятини ошириш” лойиҳаси бажарилмоқда. Лойиҳа қиймати 4,3 млн АҚШ доллари бўлиб, 5 йиллик халқаро лойиҳа ҳисобланади. 2024 йилнинг 1-2 ноябрь кунлари ушбу лойиҳанинг расмий очилиш маросими ҳамда лойиҳа доирасида халқаро конференция бўлиб ўтди. Лойиҳа доирасида ин-витро лабораторияси, гидропоника иссиқхонаси ҳамда 3 гектарли ҳимояланган Net-house’лар барпо этилди. 2025 йилда ушбу лойиҳа доирасида кафедра тадқиқотчилари М.Худойқулова ва М.Авазовлар Жанубий Корея давлатининг Халқаро боғдорчилик институтида малака ошириб келди.
2025 йилнинг 15-16 май кунлари халқаро лойиҳа доирасида Ўзбекистонда вируссиз уруғлик картошка етиштириш бўйича дала амалиёти бўлиб ўтди. Иштирокчилар картошка уруғчилиги соҳасидаги энг замонавий ёндашувлар ва технологиялар билан бевосита танишиш имконига эга бўлишди. Дала амалиёти - илм билан амалиёт, назария билан натижа орасидаги кўприк бўлди. Тадбир аввалида меҳмонлар илмий лабораторияда олиб борилаётган тадқиқот жараёнларини кўздан кечиришди. Айниқса, вируссиз картошка уруғларини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Мутахассислар ушбу жараённинг нозик жиҳатлари, микроскопик текширувлардан тортиб, то туганак ҳосил бўлгунига қадар бўлган босқичларни чуқур тушунтириб беришди. Амалиёт давомида иштирокчилар гидропоника усулида картошка туганакларини кўпайтириш технологияси билан ҳам танишдилар. Бу замонавий усул орқали олинаётган юқори сифатли туганаклар, уларнинг устида олиб борилаётган илмий изланишлар, ҳосилдорликка таъсир қилувчи омиллар бўйича ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, далада ҳосили олинаётган турли картошка навлари намойиш этилди. Ҳар бир нав устида илмий изланишлар олиб борилаётгани, селексия ва мослашувчанлик жиҳатларида қандай фарқлар мавжудлиги қатнашчиларга тушунтирилди. Тадбир якунида эса иштирокчилар институт ҳудудидаги иссиқхоналарда экилган навлар ҳолатини кўздан кечиришди. Мутахассислар бу навларнинг иқлимга мослашувчанлиги, синовдан ўтаётган агротехник тадбирлар ва келажакдаги режалари ҳақида маълумот беришди.
Кафедра қошидаги ташкил этилган “Мева-сабзавотчилик ва ўсимликшуносликда замонавий агротехнологиялар” номли марказ томонидан кафедра профессор-ўқитувчилари С.Санаев, Ш.Ризаев, П.Бобомирзаев, Б.Абдухаликова, И.Амантурдиев, З.Бобоқулов, Л.Холмирзаева, А.Шамсиев ва бошқалар томонидан деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларига қишлоқ хўжалигининг барча жабҳасида илмий маслаҳатлар, тавсиялар ҳамда амалий ёрдам бериб келмоқда.
Шунингдек, кафедра қошида “Мевали дарахтларга шакл бериш боғбон хизмат” сервис, яъни “Spin-off” гуруҳи ташкил этилган.
Бугунги кунда кафедрамизда Жанубий Корея Халқаро Боғдорчилик институтининг 2 нафар нуфузли профессорлари Сео Меонгвҳоон ва Ҳюн Моок Чо ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Профессор Сео Меонгвҳоон 3-босқич талабаларига ҳимояланган ер иншоотлари турлари ва тузилиши фанидан, профессор Ҳюн Моок Чо эса 4-босқич талабаларига картошкачилик фанидан маъруза машғулотлари олиб бормоқда. Дарслар инглиз тилида қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтмоқда.
“Ўзбекистонда картошка уруғчилигини ривожлантириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш” Ўзбекистон – Корея қўшма лойиҳаси доирасида 2025 йил 24 февралдан 7 мартга қадар кафедрамиз бир гуруҳ олимлари – Б.Эшонқулов, М.Худойқулова ва М.Авазовлар Жанубий Кореяда малака оширишди.
Илмий – педагогик кадрлар тайёрлаш самарадорлиги борасидаги ишларимиз ҳақида жорий йилда кафедрамиз мустақил тадқиқотчиси З.Бобоқулов қишлоқ хўжалиги фанлари доктори (DSc), Ф.Маҳмадиёров, М.Ҳазратқулов, Ж.Файзимуродовлар қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилишди.
Кафедрада “Зироатшунос” илмий тўгараги фаолият юритмоқда. Илмий тугаракка 70 яқин иқтидорли талабалар жалб қилинган. Талабаларимиз учун Германия, Полша, Жанубий Корея каби хорижий давлатларда ўқув амалиётларини ўташ ташкил қилинган бўлиб, улар илмий амалий тажрибаларини ошириб келмоқдалар.
Шу ўринда илмий-тадқиқот ишларининг самарадорлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик. Кафедра олимлари томонидан жорий йилда “Ёғду” Пекин карамига, “Самарқанд тишсимони” номли маккажўхори навига патент, “Шода” навли нўхатга ва “Экскалибур” номли пиёзга гувоҳнома олинди.
Кафедрамиз профессор-ўқитувчиларининг фаолияти натижасида жорий йилда 8 та дарслик, 10 та ўқув қўлланма, 10 та услубий қўлланма, 8 та услубий кўрсатма, 5 та монография чоп этилди.
Ўсимликшунослик кафедраси профессор-ўқитувчилари таълим жараёнида замонавий педагогик технологиялар, рақамли маълумотлар базалари ва интерактив ўқитиш усулларини кенг қўлламоқда. Бакалавриат босқичларида ўсимликшунослик, дала экинлари, экинлар селексияси ва уруғчилиги ва магистратура босқичларида инновацион агротехнологиялар каби фанлар юқори илмий-методик савияда ўқитилмоқда.
Кафедра ходимлари томонидан ғалла, дуккакли, мева-сабзавот, мойли ва техник экинлар биологияси, экиш муддатлари ва меъёрлари, сув, озиқланиш режимларини оптималлаштиришга қаратилган кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Тадқиқот натижалари республика ва халқаро илмий журналларда чоп этилмоқда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши амалиётига жорий этилмоқда.
Бугунги кунда профессор-ўқитувчилар ёш олимлар тайёрлашда ҳам фаол иштирок этмоқда. 14 нафар таянч докторантлар, 10 нафар мустақил-изланувчилар ва 25 нафар магистрантларнинг илмий изланишларига раҳбарлик қилиниб, диссертация ишларининг долзарб мавзуларда олиб борилиши таъминланмоқда.
Собир САНАЕВ,
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти кафедра мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.