Шоҳи Зинда мажмуасидаги икки мақбаранинг номи нега йўқ?
Самарқанд шаҳридаги Шоҳи Зинда мажмуаси асрлар давомида нафақат машҳур султонлару амирлар, балки шахси номаълум бўлган инсонларнинг ҳам мангу қўним топган жойига айланган. Мажмуа юрагида жойлашган икки мақбара эса сирли тарихнинг энг таъсирли далилларидандир.
Тарихий маълумотларга кўра, биринчи мақбара ХIV асрнинг иккинчи ярмида бунёд этилган. Унинг эгаси ким бўлгани ёки кимнинг шарафига бунёд этилгани аниқ эмас. Аммо мақбаранинг мукаммал меъморий ечими, нозик безаклари ва мувозанатли шакли жамиятда муҳим ўрин тутганини кўрсатади. Айнан шу нафислик сабаб иншоот бугунги кунгача яхши сақланиб қолган.
Иккинчи мақбара эса ХIV аср охирларида, Амир Темур даврида барпо этилган. Ҳозирги кунда унинг кириш пештоқи сақланиб қолган бўлиб, пойдевори ХI асрга оид мадраса қолдиқлари билан туташган. Бу ҳолат Шоҳи Зинда ҳудудининг бир неча аср давомида муқаддас ва муҳим маскан бўлиб келганини яққол намоён этади.
Ажабланарлиси шундаки, асрлар давомида бу қабрлар сақланиб қолган бўлса-да, уларнинг эгалари кимлиги ҳануз номаълум. Нега Амир Темур даврида, шунчалик нафис ва қиммат меъморий ечимлар билан барпо этилган мақбараларда дафн этилган инсонларнинг исми тарихда қолмади? Бу савол нафақат тадқиқотчиларни, балки Шоҳи Зиндага ташриф буюраётган минглаб сайёҳларни ҳам ўйлантираётган бўлса ажаб эмас.
Балки тарихий ҳужжатлар йўқолгандир, уларнинг исмлари атайлаб ёзилмагандир. Ёки ўша даврда исм эмас, амал ва мақом муҳим бўлган. Эҳтимол, сиёсат, замон ва сукут бу инсонларни тарих саҳифаларидан ўчириб ташлагандир… Ғиштлар, нақшлар ва меъморий мукаммаллик ўтган замон руҳини сўзлайди. Ном йўқ, аммо из бор. Бу ҳақида кимдир жамоатчиликка аниқ маълумот етказса ёки тарихий фактларни келтирса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Сиз нима дейсиз?
Сунбула Ахмадова,
СамДЧТ талабаси.