Икки дўст ва биродар давлат

Эрон билан ҳамкорлик муносабатларида катта сакраш ва бурилиш кутилмоқда

Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги муносабатлар барча соҳалар ва турли йўналишларда ривожланиб бормоқда.

Яқин кунларда Самарқандда “Ўзбекистон-Эрон дўстлик жамияти”нинг иши фаоллаштирилгани бунга яна бир мисол бўлди. Қолаверса, жорий йил охиригача Тошкент, Бухоро ва Хива шаҳарлари қатори кўҳна кентда ҳам Эрон Ислом Республикаси маданият ҳафталиги тантанали ва ўзига хос бир тарзда ўтказилиши мўлжалланмоқда.

Ўз навбатида, савдо иқтисодий муносабатларда ҳам ижобий яқин ҳамкорлик алоқалари кузатилмоқда. Мисол учун, бугунги кунда вилоятимизда Эрон Ислом Республикаси компанияларининг капитали иштирокида 38 та, шундан 23 та қўшма ва 15 та хорижий корхона фаолият юритиб келмоқда.

Жумладан, Самарқанд туманида “ZARAFSHON NASLLI PARRANDA INVEST” МЧЖ паррандачилик йўналишида, Ургут туманида “BAXT POLIMER” МЧЖ пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда.

- Ўтган йилнинг охирида Эрон давлатининг “Парс” корхонаси билан ҳамкорликда товуқ етиштириш ва парваришлашни йўлга қўйдик, - дейди “ZARAFSHON NASLLI PARRANDA INVEST” МЧЖ раҳбари Суҳроб Фаттоев. - Мавжуд 6 та цехда 50 мингта товуқдан ойига 1 миллиондан зиёд жўжа чиқардик. Қишлоқ хўжалиги соҳасига оид технологиялар тайёрловчи эронлик ҳамкорларимиз билан келишув бўйича яна янги технологияларни келтириб ўрнатяпмиз. Негаки, энди маҳаллий бозор билан чекланиб қолмасдан, экспорт операцияларини ҳам амалга оширишни ният қилганмиз.

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг 8 ойи мобайнида Эрон давлатидан 1,23 миллион доллар хорижий инвестиция маб­лағлари ўзлаштирилган. Биргина ушбу рақамнинг ўзи томонлар ўртасидаги ташқи иқтисодий алоқалар кун сайин ривожланиб бораётганини кўрсатиб турибди.

Хусусан, вилоятимиз ҳамда Эрон давлати ўртасида товар айланмаси 2020 йилда 19,3 миллион долларни ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 41,9 миллион долларга етган.

- Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар кун сайин ривож­ланиб бормоқда, - дейди вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳамид Камолов. - Кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2022 йилнинг январь-август ойлари давомида Эрон давлати билан товар айланмаси салкам 33,4 миллион долларни ташкил этиб, шундан 23,3 миллион доллар импорт ҳамда 10,3 миллион доллар экспорт амалга оширилди. Эрон давлатига экспорт асосан мева-сабзавот, тўқимачилик ва бошқа турдаги маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Пластмасса ва ундан тайёрланган буюмлар, плёнка, метал, тош, гипс ва цементдан ясалган қурилиш материаллари, технологик асбоб-ускуналар ва албатта, мева-сабзавот маҳсулотлари импорт товарларнинг асосий қисмини ташкил қилмоқда.

Бироқ таҳлилчиларга кўра, мавжуд ҳажм икки халқ ўртасидаги қардош­лик ришталари ва иқтисодий потенциалга мос эмас. Шу боис икки мамлакатнинг йиллик савдо айирбошлаш ҳажмини янада ошириш чоралари кўриляпти.

Эрон Ислом Республикаси Президентининг юртимизга расмий ташриф буюриши ва Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида қатнашиши ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз. Эроннинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси қайд этишича, бу икки давлат Президентларининг йигирма йиллик танаффусдан кейинги расмий ташриф доирасида икки томонлама учрашуви бўлади. Ушбу учрашув якунлари бўйича турли соҳаларга оид муҳим ҳужжатларнинг имзоланиши Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳар томонлама муносабатларда катта сакраш ва бурилиш нуқтаси ясаши кутилмоқда.

Ё.ГАДОЕВ.