Икки йилда битмаган “Обод қишлоқ”даги ишлар 2021 йилда давом этади(ми?)
“Обод қишлоқ” дастури шу ҳудудда инфратузилманинг ўзгариши, йўл қурилиши, электр энергияси, газ билан таъминлаш, аҳолининг яшаш шароити яхшиланиши, ободончилик, қурилиш-бунёдкорлик ишларининг ривожидан дарак беради. Аммо режадаги ишлар хўжакўрсинга бажарилса-чи?
Ургут тумани Алгар маҳалласи 2019 йилда “Обод қишлоқ” дастурига киритилганди.
Маҳалла фуқаролари номидан таҳририятимизга мурожаат йўллаган Ҳусан Ҳомидов ва Бегали Қаюмовнинг айтишича, дастлабки режага асосан маҳалладаги 7 километр маҳаллий йўл асфальтланиши, электр энергияси, ичимлик сув, ички йўлларга тош тўшалиши, мактабгача таълим ташкилоти ва қишлоқ қабристони йўллари таъмирланиши белгиланган. Аммо бу режа амалда бир неча маротаба қисқартирилган. Масалан, дастлабки режада белгиланган 7 километрлик асфальт йўл кейинчалик 3028 метрга қисқартирилган. Маҳалла фаолларининг саъй-ҳаракати билан симёғоч, ҳаво линиялари, трансформатор, ичимлик сув учун полиэтилен қувурлари келтирилган. Қишлоқ аҳолиси ҳашар йўли билан сув қувурлари ва ҳаво линиясини тортган. Аммо 2020 йил якунига етаётган бўлса-да, қабристон ва мактабгача таълим ташкилоти йўлини очиб, тош ётқизиш, уни табиий газ тармоғига улаш ишлари қолиб кетмоқда.
Фуқароларнинг мурожаати юзасидан туман ҳокими ва туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосаридан изоҳ сўрадик.
- Ҳақиқатда Алгар маҳалласи 2019 йилги “Обод қишлоқ” дастурига киритилганди, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Улуғбек Ўроқов. – Маҳалла муқобил ёқилғига ўтганлиги учун табиий газга улаш имконияти йўқ. Маҳалла ҳудудига ўтиш жойига аҳоли томонидан тераклар экилгани учун дастурда белгиланган ишлар қолиб кетган. Бу масалалар ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди ва кейинги йил дастурига маҳалладага йўл киритилди. 2021 йилда маҳалладаги 150 метр йўлга тош ётқизилади.
Ҳоким ўринбосарининг гапларига кўра, 150 метр тош ётқизилиши билан маҳаллада “Обод қишлоқ” дастурига киритилган ишлар якунланади. Аслида йўлларни очиш, ноқонуний экилган тераклар ва бошқа қурилмаларни бартараф этиш дастур амалга оширилаётган пайтда бажариладиган вазифалар эмасми? Маҳалла фуқароларининг мурожаатида кўрсатилган мактабгача таълим ташкилотининг бекилиб қолган йўлини очиш ва таъмирлаш, қабристон йўлига тош ётқизиш ишлари ўрнига 150 метр жойга тош ётқизиш билан чекланиладими? Буни ҳам вақт кўрсатади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.