Иккиламчи уй-жой учун ипотека кредитларини қайта молиялаштириш тўхтатилди
Молия вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида Ўзбекистонда ипотека бозорини ривожлантириш дастури ва уни 2019-2021 йилларда амалга ошириш концепцияси ишлаб чиқилганди.
Дастурга мувофиқ, компания фаолиятини бошлаш учун дастлабки босқичда ОТБнинг 150 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари тижорат банкларининг мақбул ипотека кредитлари портфелини қайта молиялаштириш учун ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу ресурсларни босқичма-босқич 2023 йилнинг биринчи чораги якунига қадар ўзлаштириш режалаштирилганди.
Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси матбуот хизматининг хабарига кўра, аҳолининг ипотека кредити ҳисобига иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олишга бўлган катта қизиқиши ҳамда тижорат банклари томонидан аҳолининг ушбу талабини қондириш мақсадида фаол кредитлар ажратиши натижасида дастурда назарда тутилган маблағлар муддатидан аввал, яъни 2022 йилнинг биринчи чораги давомида ўзлаштириб бўлиниши кутилмоқда.
"Ушбу ҳақида тижорат банклари 2021 йилнинг декабрь ойида, дастур бўйича қолдиқ мавжуд ресурслар доирасида етарлича мақбул ипотека кредити портфеллари шакллантириши лозимлиги юзасидан компания тарафидан ёзма равишда хабардор қилинганди.
Айни пайтда ипотека кредитларини қайта молиялаштириш компанияси Молия вазирлиги ва бошқа институтлар, жумладан, халқаро ташкилотлар билан биргаликда ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун ресурсларни жалб этиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб ва молиялаштириш манбалари аниқлангунга қадар, компания иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ажратиладиган мақбул ипотека кредитларини қайта молиялаштиришни вақтинчалик тўхтатиб турибди.
Тижорат банклари мақбул ипотека кредитларини қайта молиялаштириш ишлари тикланганлиги тўғрисида компания томонидан тегишли равишда келажакда хабардор қилинади", дейилади хабарномада.