Илмий исботланган хулоса: Бобо-бувилари ёнида улғайган набиралар руҳан тетик вояга етади

Мутахассисларнинг фикрича, бобо ва бувилари томонидан кўрсатилган меҳр, ғамхўрлик ва ҳимоя набираларга жуда фойдали таъсир кўрсатар экан. Бунга кўплаб илмий тадқиқотлар гувоҳлик беради.

Бобо, буви ва набира ўртасидаги руҳий яқинлик болада сиқилиш ҳолатининг ривожланишига тўсқинлик қилади. Масалан, “The Gerontologist” журналида чоп этилган тадқиқотда 356 нафар набира ва 374 нафар бобо ва буви иштирок этди. Бостон университети тадқиқотчилари 19 йил давомида йиғилган маълумотларни таҳлил қилиб кўришди ва кекса авлод вакилларида ҳам, ёш авлод вакилларида ҳам сиқилиш (депрессия) ҳолати хавфи кузатилмаганини аниқлашди. Боболар ва бувилар набираларига барқарорлик ҳамда руҳий хавфсизлик ҳиссини беришар экан. Ота-оналар урушиб, жанжаллашиб қолишганда бобо ва бувилар набиралар учун ҳимоячи вазифасини бажаришади.

Оксфорд университетида ўтказилган тадқиқотлар эса шуни кўрсатдики, набира ва бобо-буви ўртасидаги яқин руҳий алоқалар болаларга, ота-она жанжали ва ажралиши, ўсмирликдаги севги дарди, мактабдаги келишмовчиликлар каби руҳий зарбаларни енгишга ёрдам берар экан.

Профессор Энн Бюкенен раҳбарлигида ўтказилган тадқиқотда 1500 бола иштирок этди. Тадқиқот натижаларига кўра, боболари ва бувилари билан яқин алоқада бўлган болаларда ҳиссий ва тарбиявий  муаммолар кам учраши аниқланди. Бундан ташқари, уларда ҳаётдаги қийинчиликларни енгишга ёрдам берадиган ўзини англаш ҳисси ҳам кўпроқ ривожланганлиги аниқланди.

Ота-оналарнинг кўп ҳолларда болалари билан суҳбатлашишга, уларни сайрга олиб чиқишга ва турли ўйинлар ўйнашга вақтлари бўлмайди. Бу вазифани бобо ва бувилар қойилмақом қилиб бажаради. Шунингдек, улар набираларини деярли койимайди. Шу сабабли набиралар ўзларини уларнинг олдида эркин ҳис қилади ва ўз сирларини бўлишади.

Юқорида кўрсатилган ҳолатларнинг барчаси оиладаги руҳий хотиржамликни асрайди. Ота-оналар ҳам ўзларини хотиржам ҳис қилади. Чунки улар йўқлигида фарзандлар ишончли қўлларда бўлади.

Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси.