Имконияти чекланганлар мактабида жаҳон чемпионлари тарбияланмоқда

Самарқанд шаҳридаги 59-махсус мактаб интернатида Халқаро ногиронлар куни муносабати билан тадбир ташкил этилди. Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари иштирокида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқаролар учун кўрсатилаётган ғамхўрлик, яратиб берилаётган шароитлар ва ундан унумли фойдаланиб жамиятда ўз ўрнини топаётган шахслар хусусида сўз юритилди.
- Мактабимиз кўзи ожиз, имконияти чекланганлар учун ихтисослашган муассаса бўлса-да, ўқувчиларимиз мавжуд имкониятлардан фойдаланиб кўплаб ютуқларга эришиб келмоқда, - дейди муассаса раҳбари Султон Бобоқулов. – Икки нафар ўқувчимиз Чарос Баликова ҳамда Файзулла Мардиевлар шу йил ёзда Болгарияда ўтказилган шашка бўйича мусобақада жаҳон чемпиони бўлди. Мактабни битирган собиқ ўқувчиларимиз ҳам жамиятда ўз ўрнига эга. Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров ҳам шу мактабда таълим олган.
Тадбирда муассасанинг ҳар бир ўқувчисига ҳомийлар томонидан совғалар улашилди.
Тўлқин СИДДИҚОВ.