Иммунитетни оширадиган маҳсулотлар ва COVID-19 пандемияси даврида овқатланиш тартиби

Инсон ўз соғлиғига доим эътиборли бўлиши зарур. Айниқса, ҳозир бутун дунёда коронавирус жуда тез тарқалаётган пайтда. Асоссиз хавотирга тушиш ўрнига ҳар ким ўз иммунитетини мустаҳкамлаш чораларини кўриши керак. Буни эса овқатланиш рационига фойдали маҳсулотларни киритган ҳолда амалга ошириш мумкин. Шу ўринда овқатланишда қайси қоидаларга амал қилинганда иммун тизимимизга фойдали бўлиши ҳақида сўз юритамиз.

Оқсиллар (протеинлар) — булар α–аминокислоталардан таркиб топган азотли мураккаб юқори молекуляр бирикмалардир. Инсон организмидаги оқсиллар силлиқлаш, қувват бериш, кимёвий жараёнлар тезлигини ошириш ёки секинлаштириш, бошқариш, ҳимоя қилиш, етказиб бериш каби ўта муҳим ҳаётий функцияларни бажаради.

Оқсиллар антитаначалар ишлаб чиқарилишида фаол иштирок этади ва иммун тизимининг мустаҳкамлигини ҳамда фаоллигини таъминлайди ва кўпгина бирикмаларни аъзоларга етказиб беради. Антитаначалар иммун тизими ишлаб чиқарадиган оқсиллар бўлиб, улар патогенларни аниқлаш ва инфекцияларга қарши курашишга ёрдам беради.

Алмаштириб бўлмас аминокислоталар ўсимлик оқсиллари билан таққослаганда, ҳайвон оқсилларида (тухум оқи, сут, балиқ ва гўшт) кўпроқ. Афсуски, кўпгина алмаштириб бўлмас ҳайвон оқсиллари манбалари ёғ билан тўйинган. Соя, гуруч, ёнғоқ ва кунгабоқар пистасида фойдали аминокислотали таркиб мавжуд. Айрим оқсилларда (масалан, донли ўсимликлар оқсилида) организм учун зарур бўлган алмаштириб бўлмас баъзи аминокислоталар етарли миқдорда бўлмайди. Етмаган аминокислоталар тақчиллигини ҳайвон оқсилларини (масалан, манний бўтқасини сутда пишириш, макаронга пишлоқ қўшиш ва ҳоказолар билан) кам миқдорда истеъмол қилиб тўлдириш мумкин.

Оқсиллар организмда кўпгина вазифаларни бажаради. Улар организм ҳужайраларининг ўсиши ва қурилиши учун зарур, деярли ҳамма энзимлар ва гормонлар оқсилли таркибга эга бўлиб, антитаначалар ишлаб чиқарилишида фаол иштирок этади, иммун тизимининг мустаҳкам бўлишини ҳамда касалликларга қарши курашувчанлигини таъминлайди, кўпгина бирикмаларни тўқима, ҳужайраларга етказади. Оқсилнинг 1 грамми 4 ккал озуқавий қувват беради.

Ҳайвон оқсиллари манбаси тухум, сут маҳсулотлари (творог, пишлоқ, дона-дона творог), балиқ, парранда, мол гўштида мавжуд. Ўсимлик оқсилларининг энг яхши манбалари сифатида эса дуккаклилар (мош, ловия, нўхат), ёнғоқ, мағизлар, соя ва донли маҳсулотларни санаш мумкин. Оқсилнинг етишмаслиги шиш пайдо бўлишига ва мушаклар заифлашишига, соч ва тери ҳолатининг ўзгаришига ва камқонликка олиб келади. Оқсил танқислиги кўпинча қувват танқислиги (оқсил ва бошқа озуқавий моддаларнинг умумий етишмаслиги оқибатида келиб чиққан) билан бирга юзага келади.

  С витаминини сақлайдиган маҳсулотлар. Бу витамин иммунитетни мустаҳкамлайди ва уни вирус ҳамда бактериялардан ҳимоя қилади. Кунига бир бўлак лимон ейиш билан С витаминига бўлган суткалик эҳтиёжни қондириш мумкин. Апельсин депрессияга қарши курашишга ёрдам беради, овқат ҳазмини яхшилайди, яраларнинг тез битишига самарали таъсир этади, яллиғланиш ва микробларга қарши курашишда организмни фаоллаштиради. С витамини булғор қалампири, фойдали модда мева ва резаворларда ҳам мавжуд.

А витамини микробларга қарши курашувчи ҳужайралар ишлаб чиқарилишини барқарорлаштиради.  Рангли — қизил, сариқ, қовоқ ранг, тўқ қизил сабзавотлар ва кўкатларда бета-каротин — А витаминининг аждоди мавжуд. Рангли сабзавотлар таркибида эфир мойлари мўл. Ёрқин, тўқ рангли сабзавотлар кўпгина концентрланган эфир мойларига бой бўлиб, улар организм иммунитетини мустаҳкамлайди, ҳар бир ҳужайрани қувватлантиради ва яшовчанлигини таъминлайди.

Саримсоқ, пиёз, ерқалампир, лавлаги, сельдерей, кўкатлар ва сабзида бактерияларга қирон келтирувчи ёки уларнинг кўпайишига тўсқинлик қилувчи фаол моддалар — фитонцидлар ва ўсимлик клетчаткаси миқдори жуда кўп.

Рух иммун тизимига яхши таъсир кўрсатади. Бу микроэлемент денгиз маҳсулотлари ва ёнғоқда мавжуд. Бундан ташқари, донларда бошқа фойдали моддалар ҳам бор. Ёнғоқларда Омега-3, 6, 9 ёғ кислоталари борки, уларнинг қиймати бебаҳодир. Бу ёғлар миянинг соғлом бўлишида муҳим аҳамиятга эга: мия фаолиятини қўллаб-қувватлайди, нерв тизими ва иммунитетни мустаҳкамлайди, ҳаётий кучга тўлдиради. Тўғри, ёнғоқлар истеъмолига эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак, бир кунда бир сиқим (5 дона ёнғоқ) истеъмол қилиш етарли. Чунки ёнғоқ мағзи жуда тўйимли.

Е витамини даражасини ҳам кузатиб, организмни бу витаминга бўлган эҳтиёжини қондириш зарур. У кучли антиоксидант ҳисобланади. Яъни, инсон учун табиий қалқон вазифасини ўтайди. Организмда «саф тортган» антиоксидантлар бор. Бироқ улар етарли бўлмаслиги мумкин, айниқса, совуқ кунларда. Шунинг учун Е витамини куз ва қиш мавсумида яхши ёрдамчи бўлади. Уни ёнғоқ, авокадо, ўсимлик мойларида, тухум сариғида ва йирик тортилган ундан тайёрланган нонлардан топиш мумкин.

Таъкидлаш керакки, уч резавор мева инсон иммунитетини мустаҳкамлайди. Биринчи ўринда - чаканда меваси туради. Чакандани чойга қўшиб, ўзини шундайлигича истеъмол қилиш мумкин.

Иккинчи ўринда - брусника бўлиб, у авитаминозда, қон босими ошганда, шамоллаш ва гриппда умумий аҳволни яхшилаш учун ёрдам беради.

Учинчи ўринда - севиб истеъмол қиладиганимиз, малина туради. У тери тонусининг бир маромда бўлишини таъминлайди.

Оддий пиёз — саломатликни мустаҳкамлайдиган, иммунитетни кўтаришга ёрдам берадиган бебаҳо маҳсулот. Пиёз таркибан эфир мойлари ва фитонцидларга бойлиги боис қатор касалликлардан тузалишга ёрдам беради. Агар ҳар куни пиёз истеъмол қилинса, тез орада иммунитет кўтарилади. Организм эса замбуруғ, бактерия ёки вирус билан зарарланишдан ҳимояланади. Пиёз шамоллашга қарши самара кўрсатади, организмни токсин ва шлаклардан тозалайди. Пиёз овқатларга қўшиб мунтазам истеъмол қилинганда ошқозон-ичак тракти иши фаоллашади, ичак микрофлораси яхшиланади, ортиқча вазндан халос қилади. Мазкур маҳсулот онкологик касалликлар ривожланишининг олдини олишга ёрдам беради, юрак-томир тизими фаолиятини нормаллаштиради, томирларни холестеринли чўкмалардан тозалайди, ёғларни парчалайди. Шунингдек, аъзолар ва тўқималарда қон айланишини яхшилайди, теран фикрлашга ва хотирани мустаҳкамлашга ёрдам беради. Пиёзни таомномага киритганда ва у доимий равишда истеъмол қилинганда стресс асоратларининг олдини олади, депрессия ва нерв тизими фаолияти бузилишидан ҳимоя қилади. Овқатга пиёз қўшиб ейиш организмда гормон мутаносиблигини меъёрга келтиради. Пиёз ҳомиладорларга, эмизикли аёлларга, шунингдек, оғир касалликлардан сўнг организми заифлашган кишиларга ҳам фойдали. Айниқса, пиёз жинсий аъзолар фаолиятини қўллаб-қувватлагани учун унинг эркаклар рационидан ўрин олиши жуда муҳим.

Пиёз истеъмолига қарши кўрсатмалар. Бу маҳсулот таркибида ошқозон касалликлари мавжуд кишиларга салбий таъсир қилиши мумкин бўлган эфир мойлари бор. Эфир мойлари овқат ҳазм қилиш аъзосининг шиллиқ қаватини яллиғлаши мумкин. Пиёз астматик хуружни қўзғатади, шунинг учун астмаси бор инсонларга уни хомлигича истеъмол қилиш таъқиқланади. Гипертониклар, жигар, юрак билан боғлиқ оғир касалликлар билан оғриган, модда алмашинуви бузилган беморлар фақат шифокор маслаҳатидан сўнг эҳтиёткорлик билан пиёз истеъмол қилганлари маъқул.

Иммунитетни ёғли, ўта тўйимли, қовурилган овқатлар зарарлаб қўйиши мумкин. Яъни, рафинирланган, дудланган, маринадланган, таркибида кўп миқдорда қанд, туз сақлайдиган маҳсулотлар умумий соғлиқ учун зарарлидир. Тўйиб овқатланиш ҳам иммунитетни заифлаштиради. Чунки овқатни ҳазм қилишга кўп қувват сарфланади. Бироқ бу қувват исталган вақтда организмга вируслардан ҳимояланиш учун зарур бўлиб қолиши мумкин.

COVID-19 билан зарарланганлар гастритда риоя қилинадиган овқатланиш тартибига амал қилишлари керак. Коронавирус билан касалланганда ошқозон касалликлари, хусусан, гастрит ва қулунж — йўғон ичак яллиғланишида буюриладиган 2-диета тавсия этилади. 2-диетанинг профилактик йўналиши овқатларнинг оқсиллар (гўшт, балиқ, сут), яримтўйинган ёғ кислоталари (ўсимлик ёғлари), кальций (сут, пишлоқ), организмда турли табиатли кимёвий бирикмаларнинг йиғилиб қолишини тўхтатадиган маҳсулотлар билан бойитишга қаратилган.

Овқат майдаланган кўринишда таклиф этилади. Диета ўз ичига бўтқа, творог, кефир, сабзавотлар, ёғсиз парранда гўшти, балиқ, суви қочган нон (кечаги), буғда пиширилган олма кабиларни олади. 2-диетага қўшимча равишда 2 мг. ретинол, 150 мг. аскорбин кислотаси киритилади.

Овқатланишнинг бу тартибида дағал клетчатка, сут, аччиқ таом ва зираворлар чекланади. Шунингдек, шоколад, дудланган маҳсулотлар, консервалар, тузланган балиқ, ёғли гўшт ва хамирли овқатлар 2-диетага киртилмайди. Овқатлар майдаланган ҳолда берилади. Янги пиширилган пишириқ, нон, бўлкаларни истеъмол қилиш мумкин эмас. Фақат қоқланган, кечаги нон, ўта ширин бўлмаган печенье ёки кекслар истеъмол қилиш мумкин. Овқатларни яхшилаб чайнаб, сўлак билан обдан аралаштиргандан сўнг ютиш тавсия этилади.

Сутни макарон ёки бўтқаларга ёрдамчи маҳсулот сифатида қўшиб истеъмол қилишга рухсат берилади. Ёрмалар манний каби майдаланган ҳолатда бўлиши керак. Рационга буғдой, арпа, жўхорили бўтқалар киритилмайди.

Шўрвалар лаҳмдан ёки балиқдан кам ёғли қилиб тайёрланади. Шўрваларга майда макарон (угра) ёки майдаланган ёрма қўшиш мумкин. Овқат учун ёғсиз гўшт (мол, бузоқ, товуқ, курка) танланади. Уларнинг териси шилинади, тоғай ва пайлари олинади. Балиқни эса оқ эти танланади, қизил балиқ турини истеъмол қилиш тақиқланади. Гўшт, балиқ, паррандани қовуриш ёки устини қизартириб пишириш мумкин эмас.

Жўхори, ловия, дуккаклилар ва нўхат рациондан бутунлай чиқарилади. Сут маҳсулотларидан фақат ёғлилик даражаси кам бўлган қатиқ ва сариёғ кабиларни истеъмол қилишга рухсат берилади. Пишлоқлардан фақат тузсизини қирғичдан чиқарган ҳолда истеъмол қилиш мумкин.

Ўзида клетчатка тутадиган сабзавотлар хомлигича истеъмол қилинмайди. Уларни оловда тоблаш, қайнатиш, буғда пишириш ёки пюре тайёрлаб, шарбатини чиқариб истеъмол қилиш тавсия этилади. Фақат карам ва помидорни (терисини шилиб) хомлигича ейиш мумкин.

Кўкатлар сархили танланиб, майда тўғраб истеъмол қилинади.

Қуруқ мева ва мағизли мевалар (ёнғоқ) вақтинча рациондан чиқарилади. Резаворлар ва бошқа ҳосиллар майдаланиб, желе, кисел ёки компот шаклида истеъмол қилинади.

Газли, алкоголли ва қаҳва истеъмоли бутунлай чекланади.

Тухум қуймоқ тайёрланган ёки илитиб суюқ ҳолда тановул қилинади. Зираворлар ва дориворлар, айниқса, аччиқ егуликлар истеъмоли тўхтатилади.

Уйда балиқ ёки гўштга қўлбола соус тайёрлаш мумкин.

Иссиқлик шароитида қайта ишлов берилган турли сабзавотлар пюре, запеканка, димлама ва бошқа кўринишларда истеъмол қилинади.

Бижғиш жараёнларини бошлайдиган ёки кислоталиликни оширадиган карам, нўхат, помидор каби маҳсулотлар яхши ҳазм бўлгандагина тановул қилинади.

Резавор ва мевалар пюре кўринишида осон ҳазм бўлади.

Аччиқ дамланмаган чойга лимон, қаҳва, какаога сут қўшиб ичиш мумкин. Сабзавот ва мева шарбатларига қайнатилган сув ёки кисел, шунингдек, наъматак қайнатмаси қўшиб ичилади. Шакар ва асал кам миқдорда истеъмол қилинади.

Шундай қилиб, ёғ, оқсил ва углеводларнинг бир кунлик миқдори умумий кўрсаткичи 100 фоизга тенг деб олсак (бир кунда 100 фоиздан ортиқ эмас), моддалар улуши қуйидаги тартибда бўлади: углеводлар — 50 %, ёғлар — 25 %, оқсиллар — 25 %.

 2-диета столи ҳар куни қабул қилинадиган қувват кўрсаткичи 2800 ккалга тенг бўлиши керак. Орада овқат қабул қилинмайдиган узоқ танаффусларга йўл қўйилмайди. Ошқозон очликни ҳис қилмаслиги зарур. Бир кунда 5-6 маҳал оз-оздан овқатланилади. Агар киши тунда уйғониб, очқаганини сезса, бу ҳолатига беэътибор бўлмай, бир бўлак қотган нон, творог ейиши ёки илитилган тухум ютиши мумкин. Бу очлик ҳиссини сўндиради, ошқозон ҳам шира ажратишдан тўхтайди, демак, ошқозон деворлари яллиғланмайди.

2-диетага риоя этилганда бир кунда 1,5-2 литр суюқлик ичиш зарур бўлади. Стрессли ҳолатларга тушишга йўл қўйилмайди. Чунки стрессли вазиятда ошқозон сиқилади ёки салбий таъсирга учраб, даволанишга акс таъсир қилиши мумкин.

Истеъмол қилиш тақиқланади. Оширма хамирли нон ва булкалар; ёғли ва қовурилган гўшт; тузланган, дудланган, маринадланган ва консерваланган маҳсулотлар; маргаринлар; муздек ичимлик ва музқаймоқ; аччиқ зиравор ва соуслар; шоколад ва кремли кондитер маҳсулотлари; квас.

Реконвалесценция даврида 15-диета буюрилади. Диетага қўшимча тарзда витаминлар комплекси, аскорбин кислотаси (150 мг.) ва томирлар деворини мустаҳкамлаш учун Р витамини (бир кунда 150-300 мг.гача) тайинланади. 15-диетада чекловлар деярли йўқ ва кундалик овқатланиш рациони билан бир хил.

Кўрсатма: махсус даволаш диетаси талаб қилинмайдиган ва овқат ҳазм тизими бузилмаган ҳолатлар; соғломлашаётган даврдан кундалик овқатланиш тартибига ўтаётганда ва даволовчи диеталардан кейин.

Мақсад: физиологик тўла овқатланишни таъминлаш.

Калорияси: 2800-2900 ккал.

Овқатланиш тартиби: бир кунда 4 маҳал.

Истисно қилинадиган маҳсулот ва таомлар:

  • ёғли гўшт турлари, ўрдак, ғоз;
  • қийин эрийдиган ҳайвон ёғлари;
  • қалампир, хантал.

Тавсия этиладиган таомлар:

  • буғдой ва жавдар нон, унли маҳсулотлар;
  • карам шўрва, лавлаги шўрва, сутли, сабзавотли ва ёрмали гўшт, балиқ, қўзиқорин ва сабзавот бульонлари (шўрвалар); мевали шўрвалар;
  • турли гўшт ва балиқли таомлар;
  • сосискалар, сарделька, қайнатилган колбасалар;
  • табиий сут ва сут маҳсулотлари ҳамда сутли таомлар. Рационга, албатта, қатиқ, сутли ичимликлар киритилади;
  • қайнатилган ва овқатларга қўшилган ҳолатда тухум;
  • турли ёрмалардан, макаронлардан, дуккаклилардан тайёрланган таомлар;
  • қайта ишлов берилган хом сабзавот ва мевалар кўкатлар;
  • мева ва сабзавот шарбатлари, наъматак қайнатмаси ва буғдой кепаги;
  • сариёғ, мол ёғи, ўсимлик ёғи; маргарин чекланади.

Гули ШАЙХОВА,

Тошкент тиббиёт академияси профессори.