Имом Мотуридий ҳам ташқи, ҳам ички таҳдидларга қарши қатъий курашган аллома

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Анқара ижтимоий фанлар университети ҳамкорлигида навбатдаги онлайн-семинар ўтказилди.

Семинарда марказ илмий ходимлари ва юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасалар олимлари ва ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Бу галги семинар “Имом Мотуридийга кўра, тавҳид тушунчаси”, деб номланиб, буюк мутакаллим, калом илмининг асосчиси Абу Мансур Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий меросига бағишланди.

Унда туркиялик мотуридийшунос олим, Анқара ижтимоий фанлар университети профессори Метин Ўздемир Имом Мотуридий ва мотуридия таълимотини ўрганиш бўйича олиб борилган тадқиқот ишлари ва илмий изланишлари давомида тўпланган маълумотлар билан ўртоқлашди.

Семинар давомида олим Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” асари, ислом илоҳиётида ёмонлик назарияси, ислом тафаккурида илоҳий адолат мавзулари ҳақида ҳам маълумотлар берди.

- Имом Мотуридий  яшаб ўтган давр ислом динига нисбатан таҳдидлар авж олган пайтга тўғри келади. Имом Мотуридий шундай таҳдидларга қарамай, ўзининг юксак ақл-заковати ва билим салоҳияти билан ҳам ташқи, ҳам ички тажовузларга қарши илмий далиллар асосида қатъий курашган буюк аллома сифатида тан олинган ва мусулмон оламида чуқур эъзозланади, - деб таъкидлади олим.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ахборот хизмати.