Имом Мотуридий меросини ўрганиш – маънавият ва илм ривожидаги улкан қадам

Давлатимиз раҳбарининг кеча эълон қилинган “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори юртимизда буюк мутафаккир ва ислом илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган Имом Мотуридий ҳазратларининг илмий ва маънавий меросига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди, дейиш мумкин.

Бу қарор нафақат Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва таълимотини янада чуқур ўрганишга, балки мамлакатимизда илм-маърифатни юксалтириш, ислом қадриятларини асл ҳолатда тарғиб қилиш ва соф ақидавий йўналишни кенг ёйишда муҳим аҳамият касб этади.

Самарқандда улкан муҳаддис ва мутафаккирлар етишиб чиққан муқаддас масканларидан бири экани ҳеч кимга сир эмас.

Имом Абу Мансур Мотуридий (870-944) ислом ақидавий таълимоти, хусусан, суннийликнинг мотуридия мактабини шакллантирган буюк мутафаккирлардан бири ҳисобланади. У кишининг “Таъвилотул Қуръон”, “Китоб ат-Тавҳид” каби асарлари исломий илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшган.

У зот аҳли сунна вал-жамоа таълимотига асос солиб, инсон ақли ва ваҳий орасидаги мувозанатни сақлаш, исломий ақийдани ҳимоя қилиш ва илм-маърифатни кенг ёйиш борасида беқиёс хизмат қилганлар.

Ушбу қарор билан Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги доирасида кенг қамровли илмий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши назарда тутилган. Бу жараён нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам ислом илмий меросини тарғиб қилиш, Имом Мотуридий таълимотини кенг тадқиқ қилиш ва ёш авлодга унинг ақидавий мактабини чуқур ўргатиш учун катта имконият яратади.

Бугунги кунда ислом илм-фанини асл манбалари асосида тадқиқ қилиш ва ёшлар онгига соф, таҳқиқ этилган билимларни етказиш катта аҳамиятга эга. Имом Мотуридийнинг ақидавий мактаби нафақат ислом олами, балки бутун инсоният маънавияти учун юксак илм-маърифат манбаидир. Президентимизнинг бу қарори нафақат тарихий шахсга бўлган эътибор, балки диний-маърифий тараққиётга қўшилаётган улкан ҳиссадир.

Бугунги глобаллашув даврида диний таълимни соф манбалар асосида ўрганиш ва уни халқимизга етказиш катта аҳамиятга эга. Чунки, Имом Мотуридий каби буюк алломалар илмий мероси орқали ёшларни турли нотўғри тушунчалардан ҳимоя қилиш, уларни ҳақиқат йўлига йўналтириш мумкин.

Имом Мотуридий ҳаёт кечирган Самарқанд шаҳри бугунги кунда ҳам ислом маърифат марказларидан бири сифатида юксалиб бормоқда. Самарқанддаги илм ва маърифат муҳити нафақат юртдошларимиз, балки бутун мусулмон олами учун муҳим аҳамиятга эга.

Айни дамда Президентимиз ташаббуси билан Имом Мотуридийнинг илмий меросини ўрганиш, Самарқанддаги зиёратгоҳларни обод этиш, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий номларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу жараён нафақат тарихий ёдгорликларни тиклаш, балки диний-маърифий соҳада илмий тадқиқотларни ривожлантириш, илк манбаларга асосланган холис ислом таълимотини кенг ёйишга хизмат қилади.

Имом Мотуридийнинг юксак илм-фан ва маърифатга қўшган ҳиссаси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шунинг учун бу қарорни юртимиз маънавий тараққиёти ва ислом илм-фани ривожига қўшилаётган муҳим қадам, деб билиш лозим.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осуда ва маърифат нури билан зиёлантирилган юртлардан айласин!

Аҳмадхон Алимов,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби.