Индонезиялик аёл саломатлигини тиклаш учун сув ичишдан воз кечди

Индонезиялик 35 ёшли аёл Софи Партик ўзининг бўғинларидаги оғриғи, ошқозонидаги муаммоси, кўзлари остидаги ажинлари ва аллергиядан қутулиш учун ғалати воситадан фойдаланишга қарор қилди. У дугонасининг маслаҳатига кўра сув ичишдан воз кечди.

Врачлар бу муаммолардан халос бўлиши учун унга шифокор ва косметологга мурожаат қилишни маслаҳат беришига қарамай, аёл ўз қарорида қатъий турибди.

«Дейли мейл» газетасининг ёзишича, Софининг “қуруқ рўзаси» ҳар куни 13-14 соат давом этади. Шундан сўнг у турли мева шарбатлари ичади. Унинг айтишича, мева шарбатларидан у организм учун зарур бўлган суюқликни олар экан. Биринчи бўлиб уни ташвишга солаётган кўзлари остидаги ажинлар йўқолди ва ўзини енгил ҳис қила бошлади.

«Мен “қуруқ рўза” тутишни бошлаганимда тез орада организм шишадаги ёки водопроводдаги оддий сувга эҳтиёж сезмаслигини англадим, - дейди Софи. – Бу буйраклар дам олишига ёрдам беради, шундан кейин улар яхши ишлай бошлайди».

Дастлабки кунларда унинг оғзи қуруқшаб, мияси сув талаб қила бошлади. Лекин у чидам билан тажрибасини давом эттирди. Бир йилдан буён Софи ўзининг бу «рўза»сини 52 соатга етказди. Энди эса 10 кунга узайтирмоқчи.

Тўғри, врачлар бу унинг соғлиғига жиддий путур етказиши, буйракларда тош пайдо бўлишига олиб келиши ҳақида огоҳлантиришмоқда. Витаминлар ва минерал моддалар етишмаслиги, сувсизлик одамни ҳушидан кетказиши ва қон босимини тушириб юбориши мумкин.

Софи эса саломатлиги яхшилангани, сувдан воз кечиш орқали ўзини куч-қувватга тўлгандек ҳис этаётганини таъкидлайди. Аммо у “бундай даволаш ҳаммага ҳам тўғри келавермайди, унга руҳий тайёргарлик ва қатъий ишонч талаб этилади”, дейди.

«Мир новостей» (2020 й. 7-сон).