Инсофсиз рақобат ҳолатларига чек қўйилди

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида ўтказилган вилоят Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Аброр Ражабов иштирокидаги матбуот анжуманида айтилди.

Анжуманда монополияга қарши курашиш қўмитаси монополияга қарши курашни тартибга солиш, рақобат муҳитини ривожлантириш, табиий монополия субъектлари фаолияти устидан назорат қилиш ва товар-хомашё биржаларини лицензиялаш соҳасида давлат бошқаруви органи қилиб белгиланганлиги таъкидланди.

Бугунги кунда самарали рақобат муҳитини яратиш, товарлар ва хизматлар бозоридаги монополияни босқичма-босқич камайтириш иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш вазифаларини ҳал этиш учун устувор йўналиш бўлиб қолганлиги сабабли мамлакат иқтисодиётида давлат иштирокини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ва бозор механизмларига ўтиш амалга оширилаётгани айтиб ўтилди.

Шу йилнинг ўтган даври мобайнида инсофсиз рақобат ҳолатларига чек қўйиш масаласида ҳудудий бошқармага 12 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 6 тасида қонунбузилиш ҳолати борлиги аниқланган. Шунингдек, 6 та мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тушунтирилган.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида,  321 та ҳолатда  танлов савдолари  “Рақобат тўғрисида”ги ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлар талабларига зид равишда ўтказилганлиги аниқланган. Камчиликлар юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан тегишли тартибда ишлар қўзғатилиб, вилоят прокуратурасига киритилган.

Табиий монополияларни тартибга солиш бўйича ҳисобот даврида
43 та мурожаат келиб тушган бўлиб, барчаси белгиланган тартибда кўриб чиқилган ва 1263,9 миллион сўмлик асоссиз ҳисобланган тўловлар тадбиркорлик субъектлари бўлган истеъмолчиларга қайтарилган.

Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг топшириқлари асосида ҳудудий бошқарма ходимлари томонидан 8 та корхонада текширишлар ўтказилиб, унинг натижасида аниқланган 300,3 миллион сўмлик асоссиз олинган тўловлар 169 та хўжалик юритувчи тадбиркорлик субъектларига қайтарилиши ҳамда  жами 2596,6 миллион сўмлик жарима суммалари ундирилиши таъминланган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бўйича ҳудудий бошқармага шу йилнинг биринчи ярми давомида жисмоний шахслардан 1015 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 644 таси уй-жой, коммунал, 235 таси савдо ва умумий овқатланиш, 119 таси алоқа ва ижтимоий хизматлар ҳамда 17 таси реклама ва бошқа соҳаларни ташкил этади.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича 1250 га яқин пешлавҳа, реклама, эълон ва бошқа ахборот матнлари қонун талабларига мослаштирилишига эришилган.

Ҳусан Элтоев.