Инсон танаси ҳақидаги ақл бовар қилмайдиган фактлар
Инсон танаси жуда мураккаб тизим бўлиб, ҳатто олимлар учун сирдир. Тадқиқотчилар йилдан-йилга у ҳақида янги нарсаларни билиб олишмоқда. Тананинг баъзи хусусиятлари узоқ вақтдан буён маълум, бироқ кўпчилик ҳали ҳам ҳатто улар тўғрисида хабардор эмас.
Ушбу мақола доирасида биз инсон танасининг биз билмаган бир қанча хусусиятларини ўрганишни таклиф қиламиз. Эҳтимол, баъзи фактлар ақл бовар қилмайдиган даражада ҳайратлантирар, бироқ бизнинг танамиз шундай ажойиб ва баъзида ғалати хусусиятларга эга.
Инсон танаси заҳар ишлаб чиқаради
Ҳар бир одамнинг ичида, лекин жуда оз миқдорда цианид бор. Цианид маълум миқдорда мева ва бошқа егуликлар орқали инсон танасига кириши кўпчилик учун жуда катта янгилик бўлиши мумкин. Бу модданинг дозаси шу қадар аҳамиятсизки, у инсонга зарар етказа олмайди. Бундан ташқари, нафас олиш пайтида ҳам тана цианид ишлаб чиқаради. Ҳозирнинг ўзида танангиздаги 100 грамм тўқимада 510 микрограммгача заҳар бор. Яхшиямки, бу заҳар танада тўпланмайди ва у сийдик орқали ҳайдаб чиқарилади.
Инсон бактериялардан иборат
Олимлар, шунингдек инсон танасидаги бактериялар сони ҳужайралар сонидан уч баробар кўп эканлигини даъво қилишади. Бўйи 170 сантиметр ва 70 килограмм бўлган одамда тахминан 3 килограмм микроскопик мавжудотлар яшайди. Демак, танангиз ёлғиз сизники эмас. Шунингдек, танада ва унинг ичида архалар (микроорганизмлар), замбуруғлар ва ҳатто вируслар бор. Уларнинг кўпчилиги овқатни ҳазм қилишда, соғлиқ учун хавфли организмлар ва моддалардан ҳимоя қилишда катта фойда келтиради.
Тер ҳидсиз
Тер асосан сувдан иборат ва у ҳидсиз. Нохуш ҳид тердаги мавжуд бактерияларнинг кислоталар томонидан парчаланиши сабабли келиб чиқади.
Бармоқлардаги ажин омон қолиш учун зарур
Уй юмушларини қила туриб ёки узоқ вақт сувда сузиб, чуқур ажинланган қўл териси хавфли вазиятларда жуда қўл келаркан. Яқинда тадқиқотчилар бунинг сабабини билиб олишди. Масалан, сувда чўкиш эҳтимоли бўлган одам бундай бармоқлар билан сув ўтлари ёки агар улар яқин бўлса, дарахт шохларини осон тута олади. Бундан ташқари, ажинланган бармоқ териси силлиқ полда сирғанмасдан туришга ёрдам бериши тажриба тариқасида исботланган. Демак, тананинг бу хусусияти инсон ҳаётини сақлаб қолишга қодир экан.
Тана кунига бир литрдан зиёд тупук ишлаб чиқаради
Бир кунда оғизда 2-6 стакан тупук ишлаб чиқарилиши олимлар томонидан анча илгари аниқланган. Тупук бизга оғизни намлаб, овқатни ямшатиш учун керак. Кечаси тупук безлари камроқ суюқлик ишлаб чиқаради. Айнан шунинг учун кўп одам эрталаб оғиздаги қуруқлик ҳисси билан уйғонади.
***
Бу ҳали инсон танасидаги барча ажойиб қобилиятлари эмас. Олимлар узоқ вақтдан бери инсон нима учун туш кўриши ва тушларга ишониш керакми, деган савол билан қизиқмоқда. Ҳозирча бунга жавоб йўқ, лекин излаб топиш йўллари мунтазам олиб борилмоқда. Қизиқ, туш қаердан келиб чиқади ва унга ишониш мумкинмикин? Илмий нуқтаи назардан бир кунмас бир кун жавоб албатта топилади.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.