Инстаграмда уятсиз тасвирларни жойлаштирган самарқандлик шахсга жазо тайинланди

Ижтимоий тармоқларни кузатиб борган бўлсангиз бу йигитни яхши биласиз. Ҳуқуқбузар ўзига тегишли видео камераси орқали 2019 йил апрель ойида жамоат жойи бўлган, Самарқанд шаҳар “Мирзо Улуғбек-Мустақиллик” кўчаларида пластик ичимлик идишига сув солиб, ушбу кўчаларда пешоб қилиш ҳаракатини номоён қилиб, одамлар эътиборини тортади. У жамоат тартибини бузиб, кўпчилик фуқаролар олдида уятсиз қилиқларни кўрсатади. Юриш-туриш қоидаларини менсимасдан ёзиб олинган видео тасвирларни Инстаграм ижтимоий интернет тармоғига жойлаштириб, уни тарқатиб юборади.

Бундан ташқари, у ўзининг нотўғри ҳаракатларини давом эттириб, 2019 йил 26 май куни Самарқанд шаҳар “Шохрух” кўчасида хизмат олиб бораётган ИИБ ЙХҲБ ходими сигарет чекиб турган ҳолатини видео тасвирга тушириб, ушбу жойда хизмат олиб бораётган Самарқанд вилоят ИИБ ППХБ ходимларини олдига бориб, кўчада ЙПХ ходими сигарет чекиб турганлигини айтиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиришни талаб қилади. Агар шу иш қилинмаса олинган видео тасвирни Инстаграм тармоғига жойлаштириб юбориши ҳақида ҳам айтади. Бу ҳам етмагандек, ҳуқуқбузар ички ишлар ходимларига қўпол муносабатда бўлиб, уларнинг қонуний талабига бўйсунмайди. Ушбу ҳаракатларнинг барчасини видео тасвирга олиб, уни интернет тармоғига жойлаштириб, тарқатиб юборган.

ИИВ ЎХБ Самарқанд вилояти бўйича бўлими томонидан интернетнинг Инстаграм ижтимоий тармоғи ўрганилганда, ушбу шахс профилида бошқа одам фотосурати қўйилиб, унда Самарқанд шаҳар ҳудудида, жамоат жойларида уятсиз хатти-ҳаракатлар қилингани ва уни тасвирга олиб интернет тармоғига жойлаштирилгани аниқланган.

Суд ҳуқуқбузарни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддаси, 194-моддаси 1-қисми ва 195-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топиб, 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.