Ижтимоий тармоқда вақтимиз қандай ўтяпти?
Эрта тонгда уйғонганимиздан телефонни қўлга олиб, ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизни кўздан кечирамиз. Уйқуга кетишдан олдин ҳам худди шундай.
Умуман, ёшимиз, касбимиз, ижтимоий мақомимиздан қатъи назар, бўш вақт топилди дегунча мессенжерларда ёзишиш, тармоқлардаги янгиликларни ўқиш, пост ёзиш ва муҳокама қилиш билан банд бўламиз.
Айниқса, ижтимоий тармоқларда оммага ҳавола этилаётган бемаъни, бачкана савол ва мурожаатлар кенг муҳокама қилиниб, салбий сўзлар ҳам кўп ишлатилади.
Интернет ҳар қандай муаммони ёзадиган майдон эмас
Кузатган бўлсангиз, ижтимой тармоқларда муаммоларни ҳал қилиш учун турли канал ва гуруҳлар ташкил этилган. Бу яхшидир балки. Аммо уларда шахсий ва оилавий муаммолар ҳаёсизларча, очиқчасига оммага ҳавола этилаётганига нима дейсиз?!
Ана шундай постлардан бирини мисол келтирамиз:
“Ёшим 21 да. Онам билан яшайман. 5 йил олдин ота-онам ажрашган. Отам бошқасига уйланди, онам эса ҳозиргача турмуш қурмаганди. Энди онамга совчи келяпти. Мен онамнинг турмуш қуришига рози бўлмаяпман. Чунки онам ҳам севганим билан бахтли бўлишимни истамайди. Қандай йўл тутишни билмаяпман, нима маслаҳат берасизлар?”
Постни ўқиб, муаммони кўтариб чиққан кишининг ақлига “тасанно” айтасан, киши. Билдирилган муносабат ва маслаҳатларни эса айтишга тил, ёзишга қўл бормайди. Айтинг-чи, оилавий муаммоларни интернетда тарқатиб, бегона кишиларнинг фикри билан уларни ҳал қилиш қанчалик тўғри?
Манзилингни ёз, эркакчасига гаплашамиз
Интернетда оғриқли масалалардан бири гуруҳларда рақибни доғда қолдириш, яъни тортишув ва муҳокамаларда ғолиб чиқиш. Бу жараёнда онлайн айтишувлар билан қониқмаганлар рақибини яккама-якка олишувга таклиф этади.
“Бекорчилар” очган гуруҳдан бир мисол:
“- Гуруппада “Қирол” профили кимники?
- Меники, нима эди?
- Кимсан, қаердансан, нега гуруҳда анчадан буён сўкиняпсан?
- Истаганимни қиламан, нима ишинг бор?
- Тушунмадим.
- Тушунчанг паст.
- Манзилингни ёз, эркакчасига гаплашамиз...”
Ижтимоий тармоқ “лидер”лари
Интернет саҳифаларида турли номларда ёки ўз номи билан профил очиб, ҳар хил пост ёзадиганлар, турли сурат ва видеоларни тарқатиб, ўзича “лидер” ва “юлдуз” бўлганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ҳаттоки, уларнинг ҳар бир иши, гапини тасдиқлаб, жойлаган бемаъни постию расмларига “лайк” босадиган тарафдорлари ҳам топилади.
Ишонмасангиз, интернетда машҳур бир танишингиз ёзган бачкана пост ёки бирон бир бемаъни суратга “лайк” босиб, муносабат билдиринг, “юлдуз”га “очколар” ёғдуси ёғилади...
Ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган даврда бир четда ўтириб, тутуриқсиз фикрлари билан кишилар онгига таъсир қилувчи бу “юлдуз”ларнинг мамлакатимизда қарор топган ошкоралик ва сўз эркинлигидан ўз манфаати йўлида фойдаланаётгани ёки одамларнинг фикрини ўзгартиришга ҳаракат қилаётгани ачинарли ҳолат.
Бугун ижтимоий тармоқларни шунчаки вақт ўтказиш, таниш-билиш орттириш ёки мулоқот қилиш майдони деб эмас, балки жамиятнинг виртуал ҳаёти деб билишимиз керак. Бунинг учун аввало, ҳар биримиз ижтимоий тармоқлардан тўғри мақсадда фойдаланишни одат қилсак, мақсадга мувофиқ бўларди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.