Институт мақомининг оширилиши ваколат эмас, масъулиятдир

Чорвачилик Ўзбекистоннинг нафақат қишлоқ хўжалик соҳасида, балки бутун иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Жаҳон миқёсида юз бераётган ижтимоий, иқтисодий инқирозлар жараёнида кўплаб тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажми камайиб, одамларнинг қўшимча даромад олиш имкониятлари чекланган шароитда ушбу соҳа мамлакатимизда аҳоли фаровонлиги даражасини барқарор сақлаб туришга салмоқли ҳисса қўшади, деб бемалол айтиш мумкин.

Озиқ-овқатга бўлган талаб кундан-кун ортиб бораётган ушбу кунларда эса мазкур соҳа самарадорлигини ва рақобатбардошлигини ошириш вазифаси муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимиз аҳолисининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, ички истеъмол бозорларида гўшт, сут, тухум ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ҳамда уларнинг нархлари барқарорлигини доимий таъминлаш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Статистик маълумотларга кўра, айни пайтда аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан етарли даражада таъминлаш учун алоҳида механизм шакллантирилмоқда, ҳудудлар салоҳияти ўрганилмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, чорвачилик ривожи учун бизда барча имкониятлар етарли, аммо ана шу имкониятлардан самарали фойдалана олмаётганимиз энг асосий камчиликларимиздан биридир. 

Айни кунда жаҳон миқёсида чорвачиликнинг барча соҳалари ихтисослашган ҳолда жадал ривожланмоқда. Сермаҳсул зотлар ва самарали технологиялар яратилиб соҳага кенг жорий қилинмоқда. Чорвачилик соҳасининг ривожи эса, аввало, мутахассис – кадрларга боғлиқ. Самарқанд ветеринария медицинаси институти бу борада минтақадаги ягона олий таълим муассасаси ҳисобланади. Бугун мазкур даргоҳ тайёрлаётган мутахассислар рақобатбардошлиги бўйича Марказий Осиёдагина эмас, балки Ҳамдўстлик мамлакатлари мутахассислари билан беллаша оладиган даражага етди. 

Вазирлар Маҳкамаси, Президент админстрацияси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, шунингдек, Молия, Олий ва ўрта - махсус таълим вазирликлари мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва унинг илмий салоҳияти, йўналишлари, тайёрланаётган мутахассислар ва моддий-техник база чуқур ўрганиб чиқилди. Муассаса раҳбари сифатида айтишимиз керакки, ҳукуматимиз, шахсан Президентимиз ташаббуси билан бошланган бу ўрганиш ишлари таълим муассасаси учун жуда фойдали ва самарали бўлди. Масъул мутасаддилар ва мутахассислар томонидан амалга ошираётган барча ишларимиз ва имкониятларимиз синчиклаб ўрганилди, таҳлил қилинди, ютуқларимиз ва камчиликларимиз ҳақида рўйи-рост билиб олдик ва келгусидаги ҳаракатларимиз қандай бўлиши яққол маълум бўлди. 

Чорвачилик ривожи яна қайси омилларга боғлиқ, бу— биринчидан. Мутахассис кадрлар бўлса, озуқа базасини шакллантириш — бу иккинчи долзарб масала. Бизда озуқа экинларини етиштириш бўйича муаммо мавжуд. Мамлакатда чорвачилик ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг энг жиддийларидан бири, озуқа етишмаслиги бўлиб, бу экинлар экиладиган майдонларнинг ҳаддан зиёд қисқариб кетгани билан бевосита боғлиқдир.

Узлуксиз озуқа-ем таъминотини йўлга қўйиш, наслчиликка алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шунингдек, чорвачилик билан шуғулланадиган тадбиркорларни ўқитиш, уларга ўз йўналишлари бўйича етарли маълумотлар бериш ҳам муҳимдир. Масалан, тадбиркор паррандачилик билан шуғулланади. У ўз йўналиши бўйича барча маълумотларга эга бўлиши ёки унинг хўжалигида ана шу билимларни мукаммал эгаллаган мутахассис бўлиши керак. Парранда қандай озиқлантирилиши керак, парваришлаш бўйича, унинг касалликлари ва профилактикаси бўйича маълумотларга эга бўлса, унинг ишлари янада юришиб кетаверади, бизнеси ривожланади. 

Ёки дейлик, хориждан гўшт ва сут олиш мақсадида турли наслли қорамоллар келтирилади. Уларни табиий иқлим шароитларига мослаштира олмаслик, етарлича парвариш бўлмаслиги ёки озуқаси борасидаги билимсизлигимиз оқибатида кўзланган натижага эришолмаймиз. 

Бу жараёнларда институтнинг ўрни қандай бўлиши керак?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарорига асосан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Самарқанд ветеринария медицинаси институти негизида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиб, институт Университет мақомини олди.

Ветеринария ва чорвачилик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, таълим маскани фаолияти кўламини кенгайтириш, халқаро нуфузини ошириш, илмий-тадқиқотларни тизимли олиб бориш, инновацион таълим ва технологиялар трансферини қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш, таълим ва ишлаб чиқаришни узвий боғлаш, шунингдек, олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш вазифалари Университетнинг устувор вазифалари этиб белгиланди. 

Бу тарихий қарор соҳа мутахассислари, масъул мутасаддилар зиммасига шунчаки ваколат эмас, балки катта масъулият юклайди. Минтақадаги таянч олий таълим муассасаси олдидаги вазифалар янада кенгаяди, деб айтиш мумкин. 

Жорий йилда биринчи қалдирғочлар таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларини битирадилар ва уларга Университет дипломи берилади. Айримлар магистратурада таълимни давом эттиришади, қолганлар 4 йил давомида олган билимларини амалиётга жорий этадилар. 

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутасадди раҳбарлари, жумладан қўмита раиси Б.Норқобилов бир неча маротаба талабаларнинг битирув имтиҳонларида, дарс жараёнлари ва малака амалиётларида иштирок этган. Талабаларнинг билими умумий тарзда ижобий баҳоланган. Қўмита вакиллари томонидан аълочи талабалар ҳамиша рағбатлантирилиб, пул мукофотлари билан тақдирланган. 

Бу билан билим ҳамиша юқори баҳоланишини эътироф этмоқчимиз. Дунёда ветеринария соҳаси аслида жуда юксак баҳоланиб, озиқ-овқат хавфсизлигига масъул бўлган мутахассислар сифатида юқори маош олишади. Таълим муассасаси тайёрлаётган ёш мутахассис кадрлар ҳам бугун мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги компанияларда, хўжаликларда фаолият кўрсатмоқда. 

Мисол учун, Ғанижон Бегбоев институтнинг ана шундай мутахассисларидан бири. Ҳозирги кунда у Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги "Бухоро агрокластер чорва" МЧЖда бош ветеринария врачи лавозимида ишлаб 1,5 минг АҚШ доллари миқдорида ойлик маоши олади. Ғанижон каби ёшлар Сирдарёда (маоши 18 млн. сўм) ва бошқа вилоятларимизда ҳам бор. Демак, ҳориждан катта пул эвазига мутахассис ёллашга ҳожат йўқ. Мутахассисларни ўзимизда тайёрлаймиз ва улар рақобатбардош кадрлардир.

Университет зиммасига кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш вазифаси юклатилди. 

Ветеринария мутахассислари Халқаро Эпизоотик Бюро стандартлари бўйича 5 йилдан кам бўлмаган муддатда тайёрланиши зарур. Биз айни кунда АҚШнинг Миннесота университети билан ўқув дастурлари ва режаларимизни мувофиқлаштиряпмиз. Хориж билан ҳамкорлик алоқаларимиз яхши йўлга қўйилган. Яқинда СамВМИ делегацияси Америка сафарида бўлиб, у ердаги таълим жараёнлари билан яқиндан танишиб қайтди. Жорий 2022 ўқув йилидан бошлаб бизда ҳам 5 йиллик таълим тизими жорий этилади. 

Шунингдек, таянч ОТМ бўлгач, ҳудудларда ташкил этиладиган таълим муассасаларига ҳам  моддий техник базани шакллантиш, профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш, шунинг ўқув дастурлари бўйича ҳам кўмак беришимиз зарурлиги белгиланган. Қарши мухандислик–иқтисодиёт институтида озиқ-овқат хавфсизлиги йўналиши бўйича факультет ташкил қилишга кўмаклашяпмиз.

Олийгоҳ қошида айни кунда 23 та кафедра фаолият кўрсатмоқда. Кафедралар ўз йўналишлари бўйича мамлакатимизнинг турли вилоятлари, ҳудудларига бириктирилган. Улар йил давомида жойларда 2 кунлик семинар-тренингларни мунтазам ўтказиб боришмоқда. Жумладан, балиқчилик, паррандачилик, қорамолчилик, асаларичилик, йилқичилик ва бошқа соҳаларида ташкил этиладиган бу семинарлар хўжаликлар, фермерлар ва тадбиркорлар учун жуда фойдали ва самарали бўлиши мумкин. Қаерда муаммо бўлса, олимлар ўша муаммони ўрганишади, ечим топишади, касаллик тарқалишидан олдин профилактика ишлари олиб борилади. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу ислоҳотлар чорвачилик соҳаси ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларимизни тизимли ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади. 

Илм-фан барча ишларимизда кўмакчидир. Илмий асосланган хулосалар билан турмушимиз янада фаровон, халқимиз дастурхони эса тўкин бўлади. Чорвачилик ана шундай баракали ва сердаромад соҳа.

Худойназар Юнусов,

биология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор, СамВМИ ректори.