Институтнинг илк битирувчиларига диплом топширилди

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида бакалавр босқичини тамомлаган илк битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

- Бугун институтни битираётган талабларнинг ҳаётида муҳим кун, уларга мутахассислик дипломлари бериляпти, - деди институт ректори Шавкат Ҳасанов. - Ушбу диплом билан ватан равнақи йўлида хизмат қилиб, ўз билим ва иқтидорини танлаган касбига бағишлаши, ўз касби ортидан бахт топиш имкони тақдим қилиняпти. Интилинг, фақат олдинга қадам босинг, ҳеч қачон ортга чекинманг, аниқ мақсадлар билан яшанг. 5-10 йилдан кейин ўзингизни ҳаётда ким сифатида ва қаерда кўришингизни бугундан тасаввур қила олинг.  Ўз устингизда ишлашдан ҳеч қачон тўхтаманг.

Ўз навбатида битирувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳам устозларга самимий тилакларини билдирди. Шундан сўнг 4 йиллик ўқиш даврида намунали хулқи, илмга чанқоқлиги, аъло баҳоларга ўқиши, жамоат ишларида фаоллиги билан ҳар томонлама ажралиб турган битирувчиларнинг ота-оналарига институт ректорининг ташаккурномалари топширилди.

Тадбирда талабаларнинг эришган ютуқлари ҳақида гапирилди. Масалан, битирувчиларнинг 1 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси соҳиби, 1 нафари  Ислом Каримов номидаги Давлат стипендияси соҳиби бўлди.

Шунингдек, ўқиш давомида талабаларнинг 75 нафари Германия, 10 нафари Англияга 3-6 ойлик муддатга ҳақ тўланадиган хорижий стажировкаларга юборилди.

Раҳимжон Норжигитов.