Энди муаллифлик ҳуқуқи объектлари нусхалари электрон ягона базада сақланади

Инсон ҳуқуқларининг асосий ва таркибий қисмларидан саналган интеллектуал мулк натижаларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза қилиш ва ҳимоясини кучайтириш давлатимиз ҳуқуқий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Шу боис, интеллектуал мулк муаллифларининг ҳуқуқларини ҳеч бир тўсиқсиз ҳимоя қилишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфааатларини рўёбга чиқариш, бунда адлия органларининг иштирокини таъминлаш асосий вазифалардан бўлиб турган эди.

Интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий ҳимояси соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда тизим имкониятларидан оқилона фойдаланиш, ушбу соҳаларда мувофиқлашган фаолиятни таъминлаш ҳамда мавжуд маъмурий тузилмаларнинг яхлит вертикал бошқарувини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 мартда “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармон билан Адлия вазирлиги зиммасига қуйидаги янги, қўшимча вазифалар юклатилди:

- интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда ихтиролар, товар белгилари, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш;

- ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш.

Адлия вазирлиги интеллектуал мулк (интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза ва ҳимоя қилиш) соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ҳамда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва интеллектуал мулк соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасини ифодаловчи ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

2023 йил 1 апрелдан бошлаб қуйидагича тартиблар жорий этиладиган бўлди:

- муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари мажбурий тартибда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ягона базасида (Ягона база) сақланади;

- “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси Ягона базани юритиш, техник таъминлаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш жараёнини мувофиқлаштириш бўйича масъул-оператор этиб белгиланади;

- объектнинг электрон назорат нусхалари Ягона базага муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлаш фаолиятини амалга оширувчилар (депозитарийлар) томонидан жойлаштирилади;

 муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлаш фаолиятини амалга оширувчилар (депозитарийлар) томонидан объектнинг электрон назорат нусхалари Ягона базага киритилгандан сўнг, унинг сақловга қабул қилинганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим қилинади.

Қабул қилинган мазкур ҳужжат интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш, интеллектуал мулк объектлари яратилишини рағбатлантириш ва уларнинг тижоратлаштирилиши, яъни ишлаб чиқаришга қўлланиши, республикамизнинг жаҳон хўжалигида муносиб ўрин  эгаллаши йўлида қўйилган дадил қадамлардан саналади.

Гулнора Худойбердиева,

Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти,
юридик фанлар номзоди.