Интеллектуал мулк. Унга бойлик деб қараш керак
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида илм-фан соҳасида эришилаётган улкан кашфиётлар ва уларнинг ишлаб чиқаришга кенг миқёсида жорий қилиниши олимларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётдаги ролини кучайтирмоқда.
Хусусан, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятига, жамият тараққиётига муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнда интеллектуал мулк объектлари - ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар ва бошқаларни ҳуқуқий муҳофазага олиш ҳамда уларни тижоратлаштириш билан жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш муҳим ўрин эгаллайди.
Шунинг учун Ўзбекистон 1991 йилда 190 та давлатни бирлаштирган Бутун жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг мутлоқ аъзоси бўлиб қабул қилинди. 1993 йилдан саноат мулкини муҳофаза қилиш Париж конвенциясига қўшилди.
Маълумки, интеллектуал мулкнинг асосий манбаи бўлиб инсоннинг илмий-тадқиқот фаолияти, инсон яшаб турган жамиятнинг бу фаолиятга, айниқса, билимига, илмига, умуман, фанга, техникавий ривожланишга бўлган муносабати, мамлакатнинг илмий ва технологик салоҳияти ҳисобланади. Ҳозирги вақтда интеллектуал мулкнинг яратилиши ва ҳуқуқий муҳофазаси бўйича ишларнинг ташкиллаштириш дунё мамлакатларида муҳим давлат ишлари сифатида олиб борилади. Чунки, ҳар қандай мамлакатнинг ривожланиш даражаси, ундаги интеллектуал мулк бўйича ишлар қандай даражада олиб борилишига, унинг янги техника-технологиялар яратилишига, жамият ва табиат қонунларини ўрганиб, ҳаётга тадбиқ этганлигига боғлиқ. Шунинг учун ер юзидаги минглаб илмий муассаса ва корхоналарда, мунтазам равишда миллионлаб илмий тадқиқот натижалари олиниб, таҳлил этилиб, инсон ҳаёти - амалиётига тадбиқ этиб башарият цивилизациясининг ривожланишига ҳисса қўшиб келмоқда.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза ва ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш мамлакатимизнинг жаҳон интеграциясидаги асосий омил эканлигидан келиб чиқиб, интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 январда «Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, ушбу қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Интеллектуал мулк ҳимояси марказлари ташкил этилди.
Марказларнинг асосий вазифалари этиб, жойларда контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларнинг муомаласига, шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг бузилишига қарши тизимли ва самарали курашишда бевосита иштирок этиш, хусусан, огоҳлантирув ва тақдимномалар киритиш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларни тузиш, жойларда интеллектуал мулк объектларининг давлат рўйхатидан ўтказилиши билан боғлиқ фаолиятга кўмаклашиш, интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, жамиятда интеллектуал мулкка нисбатан ҳуқуқий маданиятни ошириш ва ҳурмат ҳиссини шакллантириш мақсадида интеллектуал мулк ҳуқуқлари бўйича қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг оммага етказиш белгиланди.
Ушбу қарор билан тасдиқланган Йўл харитасининг 19-бандига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа тегишли вазирлик, идораларга ҳар йили бир марта 15 февралдан 15 мартгача республика бўйлаб контрафакт маҳсулотларини реализациясига қарши реал самарали курашишни кўзда тутувчи ҳамда тарғибот-ташвиқот руҳи билан суғорилган “Контрафактсиз ой” ойлигини ўтказиш белгиланган.
Контрафакт нусхаларни кўпайтирганлик учун Жиноий ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда жавобгарлик белгилангани, шунингдек, ҳуқуқбузарнинг қонунни бузганлиги учун моддий зарарни қоплаши, яратилган интеллектуал мулк объекти ва муаллиф меҳнатини қадрлаш, муаллифларнинг ўз меҳнати учун муносиб ҳақ олишига эришиш, адабий-бадиий асарларнинг контрафакт айланмасига қарши самарали курашиш тўғрисида Самарқанд вилоят Интеллектуал мулк ҳимояси маркази томонидан кенг тушунтириш ишларини олиб бориляпти.
Ҳасан Узоқов,
Самарқанд вилоят интеллектуал мулк ҳимояси маркази етакчи мутахассиси.