Интеллектуал мулк эгалари ҳуқуқи ҳимоясизлиги илмий техника тараққиётига жиддий зарар етказади

Бугун халқаро интеллектуал мулк куни. Шу боис мазкур мавзу, аниқроғи, унинг ҳуқуқий жиҳати ҳақида фикр юритмоқни лозим топдим.

Хўш, интеллектуал мулк ҳуқуқи нима? Бу - интеллектуал (ақлий) фаолият натижасига тегишли ҳуқуқ. Мулк эгаси ана шу интеллектуал мулк объектларидан ўз хоҳишига кўра, ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда мутлақ қонуний фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.

Интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий асослари Фуқаролик кодексида мустаҳкамланган. Яъни, кодекснинг 19-65-бобларида ихтиро, фойдали модел, саноат намуналарига бўлган ҳуқуқ, ўсимликлар янги навлари ва ҳайвонларнинг янги зотларига бўлган ҳуқуқ, муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар, ошкор этилмаган ахборотни ноқонуний фойдаланишдан муҳофаза қилиш, фуқаролик муомаласи қатнашчилари, товарлар, ишлар ва хизматларни шахсийлаштириш воситаларини муҳофаза қилиш белгиланган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, интеллектуал мулкка нисбатан бўлган ҳуқуқларни бузиш оқибатида тайёрланган ва тарқатилган нусхалар сохталаштирилган (контрафакт) нусхалар деб тан олинади. Сохталаштирилган нусхалар деб, шундай асар ва фонограммалар ёки қўриқланиши тўхтатилган давлатлардан муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар эгаларининг розилигисиз республикада қўриқланадиган асар ва фонограмма (ёзув) нусхалари тушунилади. Интеллектуал мулк объекларидан ана шундай ғайриқонуний усулларда фойдаланиш натижасида фуқаровий, маъмурий ва жиноий жавобгарлик келиб чиқади.

Фуқаролик кодексининг 1040-моддасида интеллектуал мулкни фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилинишининг умумий усуллари билан ҳимоя қилиниши мумкинлиги ҳавола қилинади. Шунингдек, интеллектуал мулкни ҳимоя қилишнинг махсус усуллари белгилаб қўйилган. Ҳуқуқбузар ўзининг ғайриқонуний ҳаракатлари натижасида маъмурий жавобгарликка тортилса, бир вақтнинг ўзида унга шу ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаши учун фуқаролик жавобгарлиги қўлланилади.

2019 йил 3 декабрь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-моддаси (Ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш) янги таҳрирда қабул қилинди. Мазкур кодекснинг 177-(1)-моддаси (Муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш), 177-(2)-модда (Ихтирога, фойдали моделга ва саноат намунасига бўлган ҳуқуқларни бузиш) номли янги моддалар билан тўлдирилди.

Мазкур моддаларда тегишли патентланган ихтирони, фойдали моделни, саноат намунасини ўз ичига олган маҳсулот ёки буюмни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, импорт қилиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш, шунингдек ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулни қўллаш ёхуд бевосита ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усул билан тайёрланган маҳсулотни фуқаролик муомаласига киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш ҳуқуқбузарлик сифатида эътироф этилди.

Бундан кўринадики, интеллектуал мулк - давлат ҳимоясида. Бу бежиз ҳам эмас. Чунки интеллектуал мулк эгалари ҳуқуқи ҳимоя қилинмаса, мамлакатда илмий техника тараққиёти ривожланишига-да жиддий зарар етади.

Зафар Тошев,

Тошкент давлат юридик университети 4-курс талабаси.