Интернетдаги бўш иш ўринлари бўйича берилган эълонларга ҳудудий меҳнат органларининг алоқаси йўқ(ми?)

Кеча, 26 ноябрь куни Zarnews.uz сайтида “Интернетдаги бўш иш ўринлари ҳақиқатда борми?” сарлавҳали мақола эълон қилингани юзасидан шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддасига ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2017 йил 23 октябрдаги “Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисида ва мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 30-Б-сонли буйруғи Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 10 ноябрда 858-4-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Мазкур Низом талабларига мувофиқ, корхона, ташкилот ва муассасалар мулкчилик шаклидан қатъий назар, мавжуд иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни ҳар ҳисобот ойининг 5 санасидан кечиктирмай маҳаллий меҳнат органларига электрон кўринишда тақдим этилиши белгиланган.

Ушбу Низомга мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан www.ish.mehnat.uz веб-сайти жорий этилиб, унда корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларида мавжуд бўш иш жойлари тўғрисида маълумотларни киритиш учун корхонанинг электрон калити орқали (телефон рақами билан) рўйхатдан ўтган.

Шу сабабли корхона ва ташкилотлар илк бор ушбу веб-сайт орқали рўйхатдан ўтиш вақтида киритилган манзили ва телефон рақамлари бугунги кунга қадар ўзгаришсиз қолган.

Ушбу корхона ва ташкилотларнинг манзили ва телефон рақамлари корхона эгасининг электрон калити орқали ўзгартирлиши мумкин.

Бунга ҳудудий меҳнат органларининг алоқаси йўқлигини маълум қиламиз.

Самарқанд вилояти бандлик бош бошқармаси.

 

Таҳририятдан: Агар корхона ва ташкилотлар рўйхатдан ўтиш чоғида киритилган телефон рақами ҳар хил сабабларга кўра ўзгарган бўлса ёки улар эълон бераётганида буни билмаса, нима қилиш керак? Бўш иш ўринлари ҳақида эълон бераётган иш берувчиларга кимдир бу ҳақда тушунтириши керак эмасми?

www.ish.mehnat.uz веб-сайтидаги бўш иш ўринлари ҳақида берилган эълонларнинг деярли 80 фоизи худди шундай ҳолатда. Яъни, иш берувчининг телефони ишламайди ёки бошқа киши кўтаради. Ушбу муаммони масъул идора вакиллари ўз зиммасига олмас экан, яна ўша эски гап – халқни норози қилиб яшайверамиз.