Бандлик тизимида ишловчи кадрлар очиқ танлов асосида танланмоқда
Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилояти филиали билан вилоят бандлик бош бошқармаси ўртасида келишув имзоланган.
Келишувга мувофиқ, вилоят бандлик бош бошқармаси тизимидаги вакант лавозимларга талабгорлар ҳамкорликда танловдан ўтказилади.
Қайд этиш лозимки, вилоятда илк бор тизимдаги Оқдарё, Жомбой, Қўшработ туманлари аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари директори ва Нуробод тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари ҳамда Самарқанд тумани, Каттақўрғон шаҳри давлат меҳнат ҳуқуқи инспектори ва Бош бошқарма бош давлат меҳнат ҳуқуқи инспекторлари лавозимларига расмий сайт ва ижтимоий тармоқларда очиқ эълонлар берилди.
Ҳозирги кунда бош бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари ҳамда Ургут тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари лавозимларига ҳам очиқ танлов эълон қилинган.
Мазкур вакант лавозими учун аризалар vacancy.argos.uz сайти орқали қабул қилиниб, 200 нафардан ортиқ номзодлардан аризалар келиб тушди. Саралашнинг якуний босқичига қолган номзодлар билан суҳбат жараёни орқали энг муносиб деб топилган номзодлар меритократия тамойили асосида тизимдаги тегишли юқори лавозимларга тавсия берилди.
Таъкидлаш ўринлики, бош бошқармада Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасида илгари сурилган коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизимини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни, кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, вакант лавозимларга талабгорларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ҳамда ошкора танлов тизими жорий этилмоқда. Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаб бориш тизими йўлга қўйиляпти.
Азиз Қаюмов,
Самарқанд вилоят бандлик бош бошқармаси кадрлар бўйича инспектори.