Интернетдаги фирибгар самарқандлик фуқарони чув туширди

Кейинги пайтларда фуқароларни алдаш ва фирибгарлик йўли билан уларга тегишли банк пластик карталаридан ноқонуний равишда пул ечиб олиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 2019 йил 15 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида яшовчи фуқаро М.Б.нинг уяли телефонидаги Telegram ижтимоий тармоғининг “Jesco aksiyasi” гуруҳидан унга “Сиз 75 минг сўм пул ютдингиз, пулни телефон рақамингизга ташлаб берамиз”, деган SMS хабари келган. Ушбу хабар орқали М.Б.нинг телефон рақами ва пластик карта рақами аниқланган. Бироқ унинг пластик карточкасига пул маблағи тушмайди. Аксинча, 868 минг сўм ечиб олинган.

Яна бир ҳолат. Унга кўра, Фарғона вилоятининг Фарғона туманида яшовчи фуқаро Б.А. туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида жорий йилнинг 11 январь куни номаълум шахс соат тахминан 21:15 ларда ўзига тегишли бўлган пластик карточкасидан маълум миқдордаги пулни ноқонуний йўл билан ечиб олганлигини, номаълум шахсни аниқлаб, унга қонуний чора кўришни сўраган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, фуқаро Б.А. 11 январь куни соат 21:11 ларда Самарқанд шаҳридаги хонадонида бўлган вақтида ўзига тегишли ошхона мебелини сотиш мақсадида унинг суратини интернет дўконига жойлаштирган. Кўп ўтмай, унга Россия Федерациясига тегишли бўлган абонент рақамидан қўнғироқ бўлади. Нотаниш киши Б.А.га ошхона мебелини сотиб олишини, пулни эса пластик картага ўтказиб беришини айтиб, ундан пластик карточкасининг серия рақами ва СМС хабаридаги кодни сўраган. Табиийки, бегонага ишонган фуқаро чув тушади – унинг пластик картасидан жами 1 миллион 442 минг сўм пул маблағи ечиб олинган.

Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

“Фуқароларимиздан интернет ижтимоий тармоқларида эълон қилинаётган турли акцияларга ишонмасликларини, ўзлари танимаган-билмаган шахсларга банк пластик карталарининг серия рақамлари ва кодларини айтмасликларини сўраб қоламиз”, дея огоҳлантирган ИИВ.