Инвесторни нима қийнаяпти?
Самарқанд шаҳрида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан давлат мулки объектларини инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар билан олган инвесторлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Бир қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Президентимизнинг 2018 йил 11 октябрдаги “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 18 февралда қабул қилинган “Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар, мазкур ҳужжатлар асосида тадбиркорлик субъектларига яратилган қулайлик ва имкониятлар ҳақида сўз юритилди.
– Давлатимиз раҳбарининг фармонларига кўра, 2020 йилнинг 1 январига қадар давлат объектларига бўлган ҳуқуқларни сотиш тартибини соддалаштириш бўйича эксперимент ўтказилмоқда, – дейди давлат активларини бошқариш агентлиги бошқарма бошлиғи О.Маматов. – Эндиликда вилоят ҳокимлари бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини баҳоламай туриб, 1 сўм қийматдаги бошланғич нархда “E-IJRO AUKSION” орқали инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда сотиш ваколатига эга бўлди. Шунингдек, айрим шартлар асосида бўш турган кўчмас мулк объектларини аукционсиз ҳам беришлари мумкин. Бунда тадбиркор камида 1 миллион АҚШ долларлик инвестиция киритиш ҳамда бошқа ижтимоий мажбуриятни олиши керак.
Янги тизим асосида Самарқанд вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 45 та бўш турган давлат мулки объектлари “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида 1 сўм бошланғич қийматида савдога қўйилиб, уларнинг 27 таси 15,9 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 283 та янги иш ўрни яратиш шарти билан сотилган. Бугунги кунда 18 объект бўйича онлайн-аукцион савдолари давом этмоқда.
Давра суҳбатида инвестиция мажбуриятини олган тадбиркорлар ўз фаолиятида дуч келаётган муаммо ва камчиликлар ҳақида мутасаддиларга мурожаат қилиб, саволларига жавоб олди. Юзага келаётган масалаларга шу ернинг ўзида ечим изланди.
Тадбир якунлангач, агентлик масъул ходимлари мутасаддилар билан биргаликда инвестиция мажбурияти олган тадбиркорлар харид қилган давлат мулки объектларини бориб кўрди. Муаммоли масалалар жойида муҳокама этилди.