Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Имконияти чекланган, аммо иқтидори чекланмаган ўқувчилар фойдали иш билан машғул

Имконияти чекланган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш ва истеъдодли спортчи-ёшларни саралаш мақсадида Самарқанд шаҳридаги 59-сон “Нурли маскан” ихтисослаштирилган таълим муассасаси ўқувчилари ўртасида спортнинг футбол, шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят ИИБ, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди ва Ўзбекистон ННТ миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорилигида ташкил этилган мусобақалар кўтаринки руҳда ўтказилди.

Беллашувлар якунида ғолиблар ва мусобақа иштирокчиларига эсдалик совғалари, спорт анжомлари ҳамда китоблар жамланмаси топширилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси Ф.Тошев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари У.Ўтаев иштирок этди.

Тадбир доирасида “Нурли маскан” ихтисослаштирилган таълим муассасаси фаолияти билан ҳам танишилди.

- Муассасамизда 247 нафар ўқувчи таълим олмоқда, - дейди 59-сон кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернати директори Абдуҳалим Мелиев. – Ўқувчиларнинг билим, касб-ҳунар ўрганиши ва спорт билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, 250 ўринли ётоқхона, шунча ўринли ошхона, 15 минг китоб фондига эга кутубхона, фаоллар зали ҳамда спортнинг футбол, шахмат-шашка, дзюдо, моҳир қўллар (қизлар ва ўғил болалар учун), тўгараклари  фаолият кўрсатмоқда.

2022-2023 йилларда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант лойиҳалар танловида муассаса “Зукко китобхон” ва “Соғлом танда соғ ақл” грант лойиҳалари учун 50 ва 70 миллион сўм ютиб олган ва ушбу маблағлардан мақсадли фойдаланиб келинмоқда.

Хусусан, ўқувчилар ушбу маблағларга харид қилинган брайл алифбосида чоп этадиган принтерлар орқали ўзлари истаган адабиёт ва қўлланмаларни ўқиши, овоз ёзиш студиясида  лотин алифбосидаги китобларни аудио шаклида эшитиши ҳамда пойабзал ишлаб чиқариш устахонасида касб ҳам ўрганиши мумкин.

Фазлиддин Рўзибоев.