Иқтисодий лойиҳалар инфратузилма яратиш билан амалга ошади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қирқ тўққизинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш котибияти мудири Ш.Йўлдошев бошқарди.

Дастлаб вилоятда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар белгиланган ҳолда ажратилган ер участкаларида инвестиция лойиҳаларининг бажарилиши ҳамда ўз вақтида амалга оширилмаган лойиҳалар ижроси, вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йил даромадлари ва харажатларига ўзгартиришлар киритиш ҳамда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиб, тасдиқланди.

Депутатлар Беҳзод Раҳматуллаевни вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари лавозимига тасдиқлади.

Шундан сўнг махсус иқтисодий зоналарда амалга оширилаётган инвестиция лойи­ҳаларининг ижроси, зоналар фаолиятини такомиллаштириш, инвесторлар дуч келаётган муаммолар ва уларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот эшитилди. Масала юзасидан вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари Жамшид Ҳайдаров сўзга чиқди.

– Жорий йилнинг 1 декабригача “Ургут” ЭИЗда умумий қиймати 602,2 миллион доллар миқдоридаги 96 та лойиҳани амалга ошириш ва 8 300 та янги иш ўринларини яратиш режалаштирилганди, – деди Ж.Ҳайдаров. – Бироқ умумий қиймати 286,3 миллион доллар бўлган 60 та лойиҳа ишга туширилиб, 4 700 кишининг бандлиги таъминланди.

Ўтган 11 ой давомида 2 триллион 20 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 57 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. Шу даврда бюджетга 480 миллиард сўмдан ортиқ солиқ ва бошқа тўловлар қилинди.

Ж.Ҳайдаров келгуси йилда амалга оширилиши режалаштирилган самарали лойиҳалар ҳақида гапириб, буларга эришиш учун муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш, имтиёзли банк кредитлари ажратиш, уларнинг мавжуд муаммоларини ҳал қилиш зарурлигига тўхталди. Масалан, 48,7 километрлик йўл қурилиши, “Мерганча” массивида 1 та РП қурилмаси ўрнатиш, “Сазағон” массивида 16000 кВАли нимстанциянинг 2-босқичини қуриш, “Дўстлик” массивида 2,5 километр ҳаво тармоғи ва 1 та нимстанция қуриш якунланмаган. Табиий газ, ичимлик ва оқова сув, телекоммуникация таъминоти масалаларида ҳам ечимини кутаётган бир қатор муаммолар бор.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, депутатлар эркин иқтисодий зонада муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар натижаларини ҳар ойда бир марта муҳокама қилишга қарор қилди.

Сессияда Тойлоқ тумани ҳокими Б.Бобоназаров туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар дастури ижроси тўғрисида ҳисобот берди.

Таъкидланишича, туманда жорий йилнинг 9 ойида 727,4 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган, хизматлар ҳажми 614,3 миллиард сўмни ташкил этган, фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлик субъектлари сони 2979 тага етказилган, 1309 та янги иш ўринлари яратилган.

Экспорт бўйича йиллик режа 29 миллион 446 минг доллар бўлиб, 22 ноябрь ҳолатига бу кўрсаткич 13 миллион 48 минг долларни ташкил этган. Б.Бобоназаров йил якунига қадар яна 16 миллион 550 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинишини қайд этди.

Сессияда депутатлар Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.Азизовнинг вилоятда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ташкилий-ҳуқуқий таъминоти, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан, фуқароларга малакали хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича ахборотини тинглади.

Ш.Азизовга кўра, ўтган давр мобайнида вилоятда ФҲДЁ органлари томонидан 160 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилган. Шундан, 102 минг 221 та туғилганлик, 32 минг 745 та никоҳ, 3 839 та ажрим ҳамда 19 минг 136 та ўлим ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштирилган.

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида электрон навбат тизими жорий этилиб, дастлабки босқичда 16 та ФҲДЁ бўлимлари зарур восита ва қурилмалар билан таъминланган. Уларнинг ҳар бири онлайн режимдаги видеокузатув камералари билан жиҳозланиб, кўрсатилган хизмат учун тўловлар ҳақида СМС юбориш жорий қилинган.

Шунингдек, сессияда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳ.Тўхтаевнинг Президентимизнинг “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.

Таъкидланишича, қайд қилинган ҳужжатлар асосида вилоятда 55 минг 378 нафар ишсиз ёшлардан 51 минг 424 нафари, 59 минг 959 нафар битирувчилардан 3 965 нафарининг бандлиги таъминланган. Йил бошидан буён “Ёшлар дафтари”га 72 минг 585 нафар ёшлар киритилиб, уларга зарур кўмак берилиши натижасида 70 минг 186 нафар ёшлар рўйхатдан чиқарилган.

Бугунги кунгача вилоятда “Ёшлар дафтари” жамғармасига 32,2 миллиард сўм миқдорида маблағлар шакллантирилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 16 минг 777 нафар йигит-қизларга 26,5 миллиард сўмлик турли ёрдамлар берилган. Бироқ айрим жойларда ушбу маблағни беришда 7 ҳолатда қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, бунга йўл қўйган мансабдорларга нисбатан қонуний чора кўрилган.

Шунингдек, бюджетида маблағи бўлсада, «Талабага мадад» лойиҳаси доирасида айрим туман (шаҳар) ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари бирорта ҳам талабага контракт пулларини тўлаб бермаган (Каттақўрғон туманида 130 та, Жомбойда 86 та, Самарқанд туманида 59 та, Каттақўрғон шаҳрида 41 та ариза тушган). Бу жамғармалар васийлик кенгаши раиси туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳисобланади.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.