Иқтисодий суд: 3 ойда кўрилган ишларнинг 43,7 фоизи ёки 8395 таси сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди

Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда шаҳар, туманлараро иқтисодий судлари томонидан 2025 йилнинг биринчи чорагида 19208 та иқтисодий иш мазмунан кўрилиб, ҳал этилган.
Шундан 18329 та даъво қаноатлантирилган, 699 та даъво рад қилинган, 96 та ариза қонуний асосларга кўра кўрмасдан қолдирилган.
Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16192 тага кескин кўпайган. Тоифа бўйича таҳлил қилинганда, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид ишлар 2276 тани, маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид ишлар 16793 тани, якка тартибдаги тадбиркор ва корхоналарнинг тўловга қобилиятсизлиги (банкротлиги) билан боғлиқ ишлар 120 тани ташкил қилмоқда.
Кўрилган иқтисодий ишларнинг 43,7 фоизи, яъни 8395 таси сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. Уларнинг 83 таси бўйича қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганлиги учун хусусий ажримлари чиқарилган.
Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан юқори инстанцияларида 178 та иш кўрилган, шулардан 140 та ёки 70 фоизида 1-инстанция суд ҳужжати ўзгаришсиз, ўз кучида қолдирилган бўлиб, 29 таси ёки 14,5 фоизи бекор қилинган, 19 таси ўзгартирилган. Юқори инстанцияда кўрилган ишларнинг 57 таси апелляция инстанциясида, 82 таси кассация инстанциясида ва 39 таси тафтиш тартибида кўрилган ишлардир.
Бу даврда иқтисодий судлар томонидан кўрилиб, даъвоси қаноатлантирилган ишлар бўйича даъвогарлар фойдасига 437 миллиард 422 миллион 32 минг сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган. Иқтисодий судлар томонидан кўрилган 500 та иш бўйича даъвогарлар томонидан республика бюджетига 1 миллиард 458 миллион 915 минг сўм давлат божи ихтиёрий тўланган. Суд қарорига асосан 8 миллиард 138 миллион 762 минг сўм давлат божи ундириш белгиланиб, ижро учун юборилган.
Х.Турсунов,
вилоят суди раиси ўринбосари.