Ишда ҳам, спортда ҳам фаол аёллар

Самарқанд шаҳрида “Биз спортчи қизлармиз” шиори остида спорт мактабларининг аёл ходимлари ўртасида мини футбол бўйича анъанавий мусобақанинг республика II ҳудудий босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси федерацияси ташаббуси билан бўлиб ўтган мусобақада Самарқанд, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси жамоалари баҳс олиб борди.

Икки кун давом этган мусобақа якунига кўра, Самарқанд вилояти жамоаси Бухоро вилояти жамоаси устидан ғалаба қозониб, республика финал баҳси йўлланмасини қўлга киритди. Учинчи ўрин Хоразм вилояти жамоасига насиб этди.

Кеча мусобақа иштирокчиларини тақдирлаш тадбири ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Ш.Деҳқонов, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ф.Тошев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов ва бошқалар кейинги йилларда оммавий спортга, айниқса, хотин-қизлар спортига эътибор ортиб бораётгани эътироф этилди. Келгусида хотин-қизлар ўртасида бошқа спорт тадбирларини ҳам касаба уюшмаси ҳамкорлигида ўтказишга келишиб олинди.

Тадбир ташкилотчилари томонидан ҳамкор ташкилот раҳбарлари ҳамда фахрий спортчиларга Касаба уюшмаси томонидан ташаккурномалар тақдим этилди.

Барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.