“Ишга марҳамат” мономарказида ўқиганлар хорижий давлатларда ҳам ишлаши мумкин

Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази жорий йилнинг 5 май куни фойдаланишга топширилган эди. Бугунги кунда марказда 236 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан “Ишга марҳамат” мономарказига уюштирилган пресс-турда журналист ва блогерлар марказ фаолияти ва ўқув жараёнлари билан яқиндан танишди.

Жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган замонавий марказнинг йиллик қуввати 1650 ўринли. Унда узоқ туманлардан келиб ўқийдиган тингловчилар учун 60 ўринли ётоқхона мавжуд.

Ҳозирги кунда марказда 20 турдаги, жумладан, иссиқхона ишчиси, ошпаз, қандолатчилик, пайвандловчи, сартарош, юк кўтариш кранлари мутахассиси, уқаловчи (катталар ва болалар учун), тикувчилик, ҳайдовчилик, электромонтёр, автосервис хизмат кўрсатиш ишчиси, сантехник, пайвандловчи каби ишчи касблар ўргатилади. Шунингдек, 3 та хорижий тил, тадбиркорлик кўникмалари, компьютер дизайн дастурлари бўйича 2-4 ойлик ўқув курслари ташкил этилган.

- “Ишга марҳамат” мономаркази ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилган ҳолда ташкил этилди, - деди вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов. – Касб-ҳунар мактаблари Жанубий Кореяда 1960 йилда очилган бўлса, Туркияда 1986 йилда фаолият бошлаган. Америкада уй хўжалиги, ёғоч ва металл устачилиги каби касблар ўрта мактаблардан ўргатилган. Ҳатто Японияда “Устоз-шогирд” анъанаси бор экан. Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, ушбу мономарказни ташкил этдик. Марказ аввал ишсиз фуқароларни касбга ўқитади, сўнгра иш билан таъминлайди. Фуқароларга якка тартибдаги тадбиркорлик қилиш учун субсидиялар ажратишда ёрдам берамиз. Мақсад, ишсиз фуқароларни касбли қилиш, камбағалликдан чиқариш.

Марказда ўқиш истагидагилар туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат этади. Бу ерда кўпроқ аёллар, ёшлар, "Темир дафтар"даги фуқаролар касб ўрганмоқда.

- Уч нафар фарзандим бор, ёшим қирқда, маҳаллада “Аёллар дафтари”да тураман, - деди ошпазлик курси ўқувчиси Роҳила Қобилова. – Нарпай тумани Қўрғонча маҳалласида истиқомат қиламан. Марказда ошпазлик сирларини, турли салатлар, ширинликлар, таомлар тайёрлашни ўргандим. Бу ерда ҳамма шароитлар етарли, ўқувчиларга стипендия берилади. Курсни тугатсам, субсидия асосида маҳалламиздан тамаддихона очмоқчиман ва боқувчисини йўқотган, муҳтож аёлларни ишга олишни режалаштираяпман.

- Компьютер дизайн дастурлари курсида ўқияпман, - деди нурободлик Шаҳзод Очилов. – Қисқа муддатда компьютерда 4-5 хил дастурларда ишлашни ўргандим. Масалан, эскириб, айрим жойлари ўчиб кетган суратларни компьютерда тиклай оламан.

Марказ ўқувчилари ҳафтанинг душанба кунидан жума кунигача ўқитилади. Асосий дарслар куннинг ярмигача, тил ўрганиш, тадбиркорлик кўникмалари каби қўшимча дарслар куннинг иккинчи ярмида ўқувчиларнинг истагига қараб ўтилади. Мономарказ битирувчиларига меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилган давлат намунасидаги сертификат берилади. Бундан ташқари, WorldSkills талаблари асосида баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатимизда ва хорижий давлатларда ишлаш ҳуқуқини берувчи Skills паспорти берилади.

Юқорида санаб ўтилганларидан ташқари марказда ҳайдовчилик, меҳмонхона хизмати, кейтеринг (дастурхон тузаш) хизмати учун ҳам шарт-шароитлар яратилган. Яқин кунларда ушбу йўналишларда ҳам талабгорларни ўқитиш бошланади. Шунингдек, марказ ҳовлисида гидропоника усулида иссиқхона қуриляпти. Яқинда бундай марказлар ишсиз фуқаролар сонини камайтириб, аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашади.

Хуршида Эрназарова.