“Ишга марҳамат” мономаркази: аҳоли бандлигини таъминлашда қандай натижаларга эришяпти?
Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ҳар йили 2600 нафардан ортиқ қизиқувчилар касб сирларини ўрганяпти. Марказда узоқдан келиб ўқийдиган тингловчилар учун 72 ўринли ётоқхона бор.
- 2021 йилда фаолият бошлаган марказда шу кунгача 26 йўналиш бўйича 5 мингга яқин мутахассис тайёрланди, - дейди марказ директори Дилшод Пардаев. - Битирувчиларнинг 400 нафардан ортиғи ижтимоий дафтарларда рўйхатда туради, 210 нафар ногиронлиги бор шахслар касб-ҳунарга ўқитилди. Шу кунгача марказда касб-ҳунар ўрганганларнинг 4200 нафарга яқини ўзини ўзи банд қилган ёки бирор фаолият тури билан шуғулланяпти. Битирувчиларнинг 60 нафари ўз тадбиркорлигини ташкил этган.
Изланганга имконият етарли
Пайариқлик Нилуфар Намозованинг касби ҳамширалик. Аммо оилавий шароити уни ўз касбида ишлашига имкон бермади. Яна бир мутахассисликни пухта ўрганиш учун рўзғор юмушлари, қолаверса, уч-тўрт йил вақт сарфлаш имконсиз. Нилуфар туман бандликка кўмаклашиш марказидан Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказига йўлланма олгунча ана шундай қарама-қарши фикрлар исканжасида эди.
- Энг муҳими, ҳаракат қилиш ва бор имкониятлардан унумли фойдаланишда экан, - дейди Нилуфар Намозова. - Аёллар сартарошлигидан бироз хабардор эдим. Аммо бугун замон тезкор, ҳар бир касб сингари ушбу йўналишда ҳам янгиликлар, турли услублар пайдо бўляпти. Бу ерда нафақат ҳунар ўргандим, куннинг иккинчи ярмида марказда ташкил этилган бепул тил курсларига ҳам қатнашдим. Қисқа вақтда рус тилини бошланғич даражада ўргандим.
Ижтимоий дафтарда турганлиги сабаб Нилуфарга маҳалла хотин-қизлар фаоли ҳамда ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан 30 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Шунинг эвазига у Челак шаҳарчасида аёллар сартарошхонаси фаолиятини йўлга қўйди.
- Аввалига ўзим ишладим, - дейди Н.Намозова. – Мижозлар сони ортиб боравергач, иккита қизни ёрдамчи қилиб олдим. Улар ҳам ишсиз ҳамқишлоқларим, шу ишдан даромад кўряпти. Мижозларнинг ишимизга қизиқиши ошган. Бунда марказда ўрганган касб сирларининг ўрни катта бўлди. Очиғи, мен оддийгина деб ўйлаган сартарошликда бунчалик кўп янгиликлар, услублар борлигини мономарказда ўқиш давомида билдим.
Замонавий касбларда мутахассисларга эҳтиёж катта
Ҳозирги кунда марказда 26 турдаги, жумладан, иссиқхона ишчиси, ошпаз, қандолатчи, пайвандловчи, сартарош, юк кўтариш кранлари мутахассиси, катталар ва болалар учун уқаловчи, тикувчи, электромонтёр, автосервис хизмат кўрсатиш ишчиси, сантехник, пайвандловчи каби касблар ўргатилади. Шунингдек, 6 та хорижий тил, тадбиркорлик кўникмалари, компьютер дизайн дастурлари бўйича 2-4 ойлик ўқув курслари ташкил этилган.
- Марказда тингловчилар душанбадан жумагача ўқийди, - дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Исматулла Мардиев. – Дарс машғулотлари икки сменада ташкил этилган. Асосий дарслар куннинг ярмигача, тил ўрганиш, тадбиркорлик кўникмалари каби қўшимча дарслар куннинг иккинчи ярмида ўтилади. Марказ битирувчиларига меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилган давлат намунасидаги сертификат берилади. Бундан ташқари, WorldSkills талаблари асосида баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатимизда ва хорижий давлатларда ишлаш ҳуқуқини берувчи Skills паспорти берилади.
Шунингдек, марказда меҳмонхона хизмати, кейтеринг хизмати учун ҳам шарт-шароит яратилган. Ҳозирда қуёш панеллари ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, электромобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича мутахассислар тайёрлаш борасида лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Мономарказда ўқув машғулотлари WorldSkills стандартларига асосан 30 фоиз назарий ҳамда 70 фоиз амалий тарзда ўзлаштирилади. Шу мақсадда вилоятдаги мавжуд 150 дан ортиқ ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, қурилиш корхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган ва марказ битирувчилари ушбу корхоналарда ишга жойлашмоқда. Ўқув курси учун ўқув соатлари ҳамда ўқув фанларини тақсимлашда ишлаб чиқариш корхоналари, ҳудудий меҳнат бозори талаб ва имкониятлари ҳамда тегишли соҳа мутахассислари фикрлари инобатга олинади. Қолаверса, мономарказда якуний малака имтиҳонлари иш берувчи корхона ва ташкилот мутахассислари иштирокида амалга оширилади. Бу эса ўқишни тамомлаётган тингловчиларнинг ишга жойлашиши учун муносиб ечим бўлади. Шунингдек, айрим чет эл корхоналари билан ҳамкорликда мутахассислар жалб этилиб, ўқув машғулотлари олиб борилмоқда.
Яхши мутахассис бўлишнинг ўзи етарли эмас
Ушбу марказда касб ўрганаётган фуқароларнинг кўпчилиги чет мамлакатларда ишлашни мақсад қилгани сир эмас. Албатта, бирор мамлакатда ишлаш учун энг аввал керакли мутахассисликни пухта эгаллаш зарур. Аммо бугун кўп учраётган ва дилни хира қилаётган ҳолат борки, буни яширган билан ҳал бўлиб қоладиган масала эмас. Яъни, кўпчилик юртдошларимиз қайсидир мамлакатда ишлаш мақсадида бориб, алданиб қоляпти. Оқибатда ҳуқуқи ва эркинлигидан маҳрум бўлиб, турли қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу ўзи борган давлат тили ва қонунчилигини билмаслиги оқибатида юзага келяпти.
- Шу каби муаммоларнинг олдини олиш учун марказимизда касб ўрганаётган фуқароларга қўшимча чет тилини ўргатиш курслари ташкил этилган, - дейди марказнинг хорижий тиллар бўлими бошлиғи Б.Сувонқулов. - Япон, рус, инглиз, корейс, немис ва араб тиллари бўйича ўқув курслари ташкил этилган. Қисқа муддатли курсларда тингловчилар икки йўналишда таҳсил олади. Хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимиз учун алоҳида тил курслари бор. Унда чет тилини бошланғич даражадан ўргатиш йўлга қўйилган. Шунингдек, бугунгача мономарказ муҳандис-усталарининг 24 нафари WorldSkills сертификатини олиб, эксперт мақомига эга бўлди. Ҳамкор корхоналарда қўшма дастур асосида корхонанинг ўзида курслар ташкил қилинди. Жорий йил хорижий тиллар ўқитиш бўлимида 240 нафар ўқувчи ўқитилди. Қарияларни парваришлаш ва қишлоқ хўжалиги ишчиси йўналишлари бўйича 42 нафар фуқаро ўқишни битирган бўлса, улардан 9 нафари Н4 тил билиш сертификатини қўлга киритди.
Хорижлик иш берувчилар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган
Ўқув машғулотларини сифатли ташкил этиш учун халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, шу кунларда соҳада юқори тажрибага эга бўлган кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда маҳорат дарслари ташкил этиляпти.
- Жаҳон банкининг аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш лойиҳаси доирасида марказга хорижлик мутахассислар жалб қилиняпти, - дейди марказнинг ҳамкорлик ва халқаро алоқалар бўйича мутахассиси Ж.Аҳмедов. - Хусусан, Туркиядан ошпазлик, қандолатчилик, иссиқхона технологияси, косметолог, электрик, маиший уй-рўзғор электротехник буюмларини тузатиш устаси касб йўналишлари бўйича 10 нафар малакали мутахассис жалб қилиниб, амалий дарс жараёнлари ташкил этилди. Яқинда Жанубий Кореянинг Keimyung университети вакиллари марказда бўлиб, Корея давлатида бўш иш ўринларига жалб қилиш мақсадида талаб мавжуд бўлган касбларда корейс тилини чуқур ўргатиш масалалари муҳокама қилинди. Соҳада юқори тажрибага эга бўлган кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда бир неча марта маҳорат дарслари ташкил этилди. Мутахассислар тиббиётда биринчи ёрдам, ошпазлик ҳамда сартарошлик касблари бўйича маҳорат дарсларини ўтди. Keimyung университетининг 5 нафар профессор-ўқитувчи ва 30 нафар талабаси тажриба алмашди. Шунингдек, кунчиқар юртда қариялар парвариши ҳамда мавсумий қишлоқ хўжалик ишларига ишчиларни жалб қилиш мақсадида Япониянинг «Vasileus» компанияси билан марказда япон тили курси фаолиятини кенгайтириш мақсадида ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Чет элда ишлашнинг қонуний йўллари бор
Мономарказда мавжуд 6 турдаги давлат хизматларидан бири ҳисобланган миграцияга кўниктириш хизматидан хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар доимий фойдаланиб келяпти. Бунда мономарказда касб йўналишида ўқиш билан бир вақтнинг ўзида миграция кўникмалари шакллантирилади. Бунинг учун махсус жиҳозланган ўқув-машғулот хонаси мавжуд. Бундан ташқари, касб-ҳунарга ўқитилаётган ва хорижда ишлашни режалаштирган фуқароларга қўшимча маълумотлар ва имкониятлар тўғрисида хабар бериш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Самарқанд филиали вакиллари иштирокида ўқув-семинарлар, иш берувчилар билан учрашувлар, суҳбатлар ва турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Бу фуқароларга хорижда ишлашнинг қонуний йўлларини ўрганишда имконият яратяпти. Ҳозирда меҳнат миграцияси томонидан турли давлатлардан иш берувчилар жалб қилинмоқда ва касб-ҳунарга ўқитилган, хорижий тиллар бўйича билим ва кўникмаларга эга фуқароларни мономарказ билан ҳамкорликда топиш ва йўналтиришга эришилмоқда. Буюк Британия, Германия, Россия, Литва, Латвия, Япония давлатлари билан ҳамкорликда меҳнат миграцияси агентлиги томонидан янги иш ўринлари тўғрисида доимий маълумотлар бериб бориляпти.
Мономарказда «мономаркет» фаолият юритади
Ўқув жараёни билан боғлаган ҳолда марказда турли хил пулли хизматлар йўлга қўйилган бўлиб, бир бинонинг ўзида ўндан ортиқ хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилган. Хусусан, гўзаллик салони, косметолог, компьютер хизматлари, маиший техникаларни тузатиш, чилангарлик, электрик, автосервис, компьютерларни таъмирлаш ҳамда болалар массажи, даволовчи массаж каби хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолият юритяпти. Эътиборлиси, айрим хизматлар жойига борган ҳолда амалга оширилади.
Шунингдек, марказда турли хил маҳсулотларни буюртма асосида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Мономаркетга буюртмалар бериш орқали стол-стул, озиқ-овқат маҳсулотлари, спорт ва уй кийимлари, пардаларни харид қилиш мумкин.
Йўлланма асосида бепул ўқиш имкониятини қўлга киритинг
Ҳозирда мономарказда 800 нафар фуқаро касб-ҳунар ўрганяпти. Уларнинг 500 нафари туман бандликка кўмаклашиш марказлари йўлланмаси асосида бепул ўқитилмоқда.
Сулаймон АСОМИДДИНОВ.