Уч йил эмас, уч ойда: мономарказда хорижликлар касб-ҳунар ўргатмоқда

Ўтган 2021 йил май ойида Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган “Ишга марҳамат” мономаркази вилоятимиздаги ишсиз, хусусан, эҳтиёжманд фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат фаолиятига жалб этишга хизмат қиляпти.

Бир неча йиллар аввал ёшларимизнинг аксарияти мактабда 9-синфни битириб, ўқишни касб-ҳунар коллежларида давом эттиришга мажбур эди. Кўпинча ўқувчилар бу муассасаларда на кўнгилдагидек таълим олди ва на касб-ҳунар ўрганди. Натижада аҳоли орасида ишсизлар сафи кенгайиб борди. Мономарказ эса ўша коллежларда уч йил ўқиб, дипломли бўлиб, аммо бугун ишсиз юрган фуқароларга ва бошқа хоҳловчиларга уч ой давомида касб-ҳунар, шу билан бирга, тадбиркорлик  сирларини ўргатяпти.

- Коллежни битирганимдан бери ишсиз эдим, - дейди марказ тингловчиси Дилшода Тошева. – Бу ерда ўқишни бошлаганимга 2 ойдан кўпроқ вақт бўлди. Уч ой давомида бемалол уч ҳунарни ўргансак бўлар экан. Ошпазлик, компьютер саводхонлиги тўгаракларига қатнашяпман. Асосийси, аёллар сартарошлигини қунт билан ўргандим. Устозлар маслаҳати билан гўзаллик салони очишга ҳам эришдим. Аҳамиятлиси, мономарказда хорижлик мутахассислар ҳам бизга дарс беряпти.

Туркиялик мутахасассисларнинг маҳорат дарслари

Мамлакатимиз Президентининг “Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, Жаҳон банкининг “Аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида марказга турли касблар бўйича Туркия давлатидан мутахассислар жалб қилинди. Улар томонидан тингловчилар учун назарий ва амалий машғулотлар олиб борилмоқда.

- 33 йилдан бери косметология соҳаси билан шуғулланаман, - дейди туркиялик мутахассис Нурай Ўссут. – 22 йилдан бери касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида машғулот ўтиб келаман. Яқинда, 17 сентябрь куни Ўзбекистонга келдим. Шу пайтгача Навоий вилоятида бўлдим. Бугунги кунда Самарқанддаги мономарказда тингловчиларга маҳорат дарслари ўтяпман.  

Машғулотларнинг 70 фоизи амалий

Бу ерда ўқув машғулотларининг  30 фоизи назарий, 70 фоизи амалий тарзда олиб борилади.  Марказ ишлаб чиқариш, қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият олиб бораётган 178 та маҳаллий ва 9 та хорижий корхоналар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатган.

- Шу пайтга қадар марказимизни 2280 нафар тингловчи битирди, - дейди мономарказ директори Дилшод Пардаев. – Уларнинг 2 минг нафардан зиёди ишли бўлди. Қолганларнинг ҳам бандлиги таъминланиш жараёнида. Тингловчиларимиз аксарият ҳолларда амалиётни корхоналарда ўтаяпти. Кейинги пайтларда касб-ҳунар ўрганаётган бўлажак мутахассислар,  ҳали улар марказни тамомламасдан туриб, корхоналарга ишга таклиф этиляпти. Бунда Туркиядан келиб, машғулотлар ўтаётган устозларнинг ҳам ҳиссаси катта. Марказда 20 дан зиёд турдаги касб-ҳунар ўргатилаётган бўлса, ҳозирча меҳмонхона хизмати, официант батлер, ошпазлик, қандолатчилик, косметология, чилангарлик, электромонтёрлик каби йўналишлар бўйича туркиялик мутахассислар дарс ўтяпти. Улар томонидан назарий дарслар марказда, амалий машғулотлар эса тингловчиларни корхоналарга олиб борган ҳолда амалга оширилмоқда. Келгусида бошқа йўналишлардаги хорижлик мутахассислар ҳам марказимизга жалб этилиши кўзда тутилган.

Марказда бир йилда 2020 тингловчи касб-ҳунар ўрганиш имконияти мавжуд. Узоқ туманлардан келиб ўқиётганлар учун 100 ўринли ётоқхона хизмат кўрсатмоқда.

Хозирда марказда жами 700 нафар тингловчи касб-ҳунар ўрганяпти. Уларнинг 16 нафари “Аёллар дафтари”да, 5 нафари “Ёшлар дафтари”да, 3 нафари эса “Темир дафтар”да туради. Шунингдек, 29 нафари ногиронлиги бўлган шахслардир.

- Аравачада юраман, - дейди Паст дарғомлик тингловчи Шаҳзод Собиров. – Бу ерда ногиронлар учун ҳам барча шарт-шароитлар яратилган. Бинога кириб-чиқиш учун пандуслар мавжуд. Юқори қаватларга чиқиб-тушишга эса лифтлар ишлаб турибди. Марказда компьютер саводхонлиги бўйича ўқияпман, шунингдек, чет тили тўгарагига ҳам қатнашаман.

Мономарказ битирувчиларига эгаллаган касби бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилган давлат намунасидаги сертификат топширилади. Бундан ташқари “WorldSkills” халқаро нотижорат ташкилоти талаблари асосида баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатимизда ва хорижий давлатларда ишлаш ҳуқуқини берувчи “Skills” паспорти берилади. 

Бундан ташқари, ишсиз фуқароларнинг мурожаатлари бўйича уларни ишга жойлаштириш, миграция хизмати, яъни хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширмоқчи бўлганларга чет тилларни ўргатиш каби  хизматлар ҳам кўрсатиб борилади.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.