Иштихон туманидаги дала майдонида содир бўлган ёнғин сабаблари ўрганилмоқда
Бугун, 21 январь, куннинг иккинчи ярмида ижтимоий тармоқларда Иштихон тумани Тошкўтарма қишлоғида қорамол, қўй боқиладиган далага қасддан ўт қўйилганлиги, ёнғин борган сари кучаяётганлиги, бутун бошли дала “йўқ бўлиб” кетиш арафасида турганлиги ҳақидаги видеолавҳа тарқалди.
Ҳолат юзасидан Иштихон тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари тезкор равишда ўрганиш олиб борди. Маълум бўлишича, видеолавҳада акс этган ёнғин тўғрисида туман фавқулодда вазиятлар бўлимига бирорта хабар ёки чақирув келиб тушмаган.
Ёнғин Иштихон туманининг Дўстлик маҳалласи Муслим қишлоғи ҳудудида жойлашган “Мададкор” фермер хўжалигига тегишли бўлган унумсиз дала майдонида содир бўлган. Туман ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар бўлимлари ходимлари воқеа жойига борганида хўжалик ер майдонининг чеккасидаги қуриган қамиш, турли бегона ўт ва ажриқ соат тахминан 16.47 дан 17.23 га қадар ёнганига гувоҳ бўлган. Ёнаётган қуруқ хас-хашаклар “Мададкор” фермер хўжалиги ишчилари ва маҳаллий аҳоли томонидан ўчирилган.
Ёнғин майдони тахминан 1 гектар атрофида. Ёнғин оқибатида ҳеч бир фуқаро куйиш тан жароҳати олмаган, аҳоли хонадонларига зарар етмаган.
Дала майдонида ёнғин қандай содир бўлганлиги ҳолати юзасидан тегишли суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси.