Ислом оламида «Ҳидоят имоми» олий мақомини олган буюк авлиё Абу Мансур Мотуридий ибрати
29-30 октябрь кунлари Самарқандда «Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти» ва «Тасаввуфнинг вазифалари: тариқат ва шариат» мавзусида ўқув семинар бўлиб ўтади.
Шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандий ал-Ҳанафий ҳазратлари (870-944 йиллар) умр бўйи боғдорчилик ва узумчилик билан шуғулланиб кун кечирган. Ривоят қилишларича, ул муборак зот қир ва адирларни текислаш, бу ерларга сув келтириш учун кўп машаққат чекканлар. Кунларнинг бирида шайх дала кезиб юрганларида ногаҳон Ҳазрати Хизрга дуч келибдилар.
- Ма туриду? (нима хоҳлайсиз ёки муддаонгиз нима?), - деб сўрабди ундан Ҳазрати Хизр.
– Ана уриду маан (менга сув керак), - деб жавоб қилибди шайх ҳазратлари.
Шундан сўнг бир ишорат қилгач, Ҳазрати Хизр кўздан ғойиб бўлибди. Авлиё эса узун асони судраганича сувсиз ерлари томон юрибди. Манзилига етиш арафасида ортига қараса, изида катта анҳор пайдо бўлибди.
Бобокалонимизнинг меҳнатсеварлиги ва тиришқоқлик билан амалга оширган кейинги саъй-ҳаракатлари натижасида бу жойларда серҳосил боғлар, ширин-шакар узумзорлар бунёд этилибди. Бу сўлим боғларда узумнинг йигирмадан зиёд навлари, жумладан, оқ кишмиш, қора кишмиш, ҳусайни мурғиён, ҳусайни лўнда, қора ҳусайни, туркмани, чилги каби турлари етиштирилган.
Ислом оламида «Имом ул-Ҳуда» («Ҳидоят имоми») олий мақомини олган бу буюк авлиё калом илми (ислом дини илоҳият фалсафаси) соҳасида жуда катта ютуқларга эришган ва ҳанафия мазҳаби негизида мотуридия мактабига асос солган. Бизгача алломанинг араб тилида ёзилган «Китоб ат-Тавҳид» («Аллоҳнинг бирлиги») ва «Таъвилот аҳл ас-сунна» («Суннийлик анъаналари шарҳи») асарлари етиб келган бўлиб, бу китоблар туркий элатларга исломий одоб қоидалари, шариат қонунлари, маънавий-ахлоқий камолот сирларидан таълим беришга мўлжалланган.
Мотуридия ақидавий йўналиши асос ва қоидаларини Абу Мансур ал-Мотуридийнинг ўзи кашф қилган эмас. Ақоиднинг асослари, арконлари ва бандлари унгача ҳам маълум даражада шаклланган эди. Исломшунос олимларнинг таъкидлашларича, ақида илмий тобеинлар давридан бошлаб, ҳижрий иккинчи асрда мустақил фан сифатида зоҳир бўла бошлаган. Мазҳабимиз асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (раҳматуллоҳу алайҳ) нафақат фуқаролар пешвоси, айни чоғда ақида ва калом илмига ҳам асос солган буюк сиймолардан бўлган.
Шайх Абу Мансур ҳазратлари диний таълимни ҳанафия уламоларининг кўзга кўринган машҳур намояндаларидан олгани ва диний фанлар бўйича қанчалик чуқур билимга эга бўлганига ёзиб қолдирган қимматли асарлари гувоҳлик беради. Ул зот ҳаёт-фаолиятлари давомида динимиз софлиги, боқийлиги учун қаттиқ кураш олиб борган, ўша даврларда исломга қарши бўлган нотўғри назариялар ва пуч ақидаларга илмий асосда қақшатқич зарба берган. Ал-Мотуридий ҳазратларининг хизматлари шундаки, ўша даврлардаги ақидавий оқимларнинг таъсирини қирқиш, уларнинг иддаоларига раддия бериш, кучли ва асосли далиллар билан ҳақиқий ислом ақидасини ҳимоя қилиш, калом илми, мантиқ ва мунозара қоидаларига риоя қилган ҳолда хасмлар (даъвогарлар) жаҳолатига илму маърифат билан жавоб қайтариб, мусулмонлар учун ақидага доир муҳим қўлланмалар тайёрлаб беришни ният қилган. Шайх ўз илмий изланишларида ақлий далиллар билан нақлий далилларни уйғунлаштириб, сўнг хулоса чиқарган (ақлий далил деганда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар кўзда тутилади). Ақл имкониятининг ҳам чегараси борлигини эътиборга олиб, шайх ҳазратлари инсон ақли жуда кўп ҳақиқатларни идрок этишга қодир эмаслигини уқтирган.
Самарқанд шаҳридаги Ғиждувон кўчаси ёнида «Чокардиза» («Хизматчи лашкарлар қалъаси») деган қадимий қабристон бор. Бу қабристон ислом дунёсидаги энг машҳур Мадинаи мунавварадаги «Жаннат ул-бақия» ва Маккаи мукаррамадаги «Жаннат ул-муалло»дан сўнг учинчи ўринда туради. 2000 йили шу ерда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси ва лойиҳаси асосида, қадимий шарқ анъаналари ва меъморчилик санъатига таяниб, Абу Мансур ал-Мотуридий ҳазратларига атаб муҳташам мақбара ва ёдгорлик мажмуа барпо этилди ва 1130 йиллик юбилейи нишонланди. Ана шу гўзал мақбаранинг пештоқига: «Бу қабр бутун умри давомида илм йиққан ва уни саховат билан улашган муборак зотникидир» деб ёзиб қўйилган.
– Бу ердан илмий-амалий аҳамиятга молик ноёб қабртошлар, тим қора қайроқтошларга сирли маҳорат билан битилган турли хилдаги эски арабча ёзувлар топилдики, буларнинг ҳаммаси кўҳна ва бой тарихимизни янада чуқурроқ ўрганишимизга хизмат қилди, - дейди Маҳмудхон ҳожи Мухторов. – Хориждан кўп зиёратчилар келишади. Чунки мазкур қабристонга шайх ҳазратларидан ташқари жуда кўп азизу авлиёлар, уламолар, Бурҳониддин Марғиноний ва Абуллайс Самарқандий каби жаҳонга машҳур олим-у фузалолар ҳам дафн этилганлар.
Низомиддин Акрамов,
Абдусами Самадов.