Испанияда кетма-кет зилзилалар содир бўлди

Сўнгги пайтларда Испанияда, айниқса Андалусияда сейсмик фаоллик ошди. Хусусан, декабрдан бери 150 дан ортиқ кичик зилзилалар қайд этилди.

Гранада шаҳри ҳудудида кетма-кет зилзилалар содир бўлди, улардан учтаси 4 балли ва ундан юқори бўлган, дея маълумот берди Миллий география институти.

Ҳозирча жиддий зарар ва талофатлар ҳақида маълумот йўқ.

Энг кучли зилзилалар сешанба куни кечқурун Кульяр-Вега (4,2 балли) ва Санта- Фе (4 ва 4,3 балл) ҳудудларида қайд этилди.

"Кеча тунда Гранадада яна бир нечта зилзила содир бўлди ... Энди биз хотиржам бўлиб, фавқулодда вазиятлар хизмати кўрсатмаларига амал қилишимиз керак. Келинг, ҳаммаси яхши бўлишига ишонамиз", деб ёзган Tvitterда Бош вазир Педро Санчес.

Гранада мэри Луис Салвадор миллий TVE телеканалига берган интервьюсида вазиятни "хавотирли" деб атади.