Исроилга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган У.В. ва Ф.Ф.  уч нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни Исроил давлатига ишга юборишлари эвазига жами 52 700 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган. У.В. ва Ф.Ф. томонидан ўз айбига иқрор бўлиб, фуқаролардан қўлга киритган пуллари ҳисобидан 7 000 АҚШ долларининг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Худди шундай, Самарқанд шаҳридаги нодавлат таълим муассасаларидан бирининг иш юритувчиси икки нафарни ушбу ўқув марказида ўқитиб, кейинчалик Исроил давлатига ишга юбориши эвазига жами 6 700 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.