Иссиқхона ташкил қилган тадбиркорларни нима қийнаяпти?
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан иссиқхона хўжаликларида етиштирилаётган сабзавот маҳсулотларига зарар етказадиган ҳашаротларни аниқлаш, унга қарши кураш чораларини ташкил этиш мақсадида 20 январидан 20 февралига қадар “Долзарб 30 кунлик”тадбирини белгилади.
Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ва унинг туманлардаги бўлимлариходимлари ушбу тадбирни сифатли ўтказиш мақсадида иссиқхона хўжаликларида кўргазмали семинарлар, тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширмоқда.
Хусусан, Ургут туманидаги 32 та йирик ҳамда 362 та катта-кичик ҳажмдаги иссиқхоналарда “Долзарб 30 кунлик” тадбирлари белгиланган талаблар асосида олиб борилмоқда. Чунончи, вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ва унинг туман бўлими раҳбарлари ва мутахассислари томонидан тумандаги “Фазлиддин башорат” МЧЖга қарашли иссиқхонада сабзавот экинларининг ривожи ҳамда помидорни “Помидор куяси”, “Жигарранг бужмайиш вируси”, “Цитрус оққаноти” каби зараркунандалардан сақлаш, унинг профилактикаси бўйича назорат тартибида ўрганишлар ва тарғибот ишларини амалга оширди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу иссиқхона кичкина эмас - 2,5 гектардан иборат. Унинг 1 гектарида бодринг, 1,5 гектарида помидор, 15 сотихида булғор қалампири етиштирилмоқда. Тадбиркорлар томонидан биринчи ҳосил сифатида бодрингдан 65 тонна ҳосил олиниб, ички истеъмол бозорига етказиб берилган. Айни пайтда бу ерда такрорий равишда бодринг экишга ҳозирлик кўрилмоқда. Бундан ташқари, помидор учун мўлжалланган плёнка остидаги даладан 150 тонна маҳсулот тайёрланди. “Азра” нави серҳосил, касалликларга чидамли бозоргир бўлиб экспортбоп ҳисобланади. Помидордан бўшаган майдонларга 30 минг туп бодринг кўчати етиштирилмоқда. Ундан 100 тоннагача бодринг тайёрлаш имконияти бор. Ўсимликлар карантини хизмати ходимлари, фитосанитар давлат инспекторлари иссиқхона маҳсулотларини экологик тоза, органик ҳолда тайёрлаш бўйича деҳқонларга тегишли тавсия ва маслаҳатларини берди.
Мазкур иссиқхона хўжалиги ходимлари плёнка остидаги далада зарарли ҳашаротларга қарши курашда биологик усулдан самарали фойдаланмоқда. Чунончи, иссиқхонанинг тегишли нуқталарида феромон тутқичлар ўрнатилган. Бу тадбир яхши самара бермоқда. Айниқса, булғор қалампири ўстирилаётган ердаги ҳосил ривожи авж. Ундан ҳам 8-10 тонна ҳосил олиш кўзда тутилмоқда.
“Долзарб 30 кунлик”ни ташкил этиш бўйича тарғибот аъзоларининг кейинги манзили Самарқанд тумани бўлди. Бугунги кунда ҳудудда 81 та термостат ва гидропоника усулида ишлайдиган йирик ҳамда 301 та катта-кичик ҳажмдаги иссиқхоналар фаолияти йўлга қўйилган. Гулистон агрофирмасига қарашли “Нуршод агро” кўп тармоқли фермер хўжалиги тасарруфи остидаги плёнка остидаги дала ҳам йирик иқтисодиёт бўғинидир. Деҳқонлар бугунги кунда 1 гектар далада асосан лимон етиштирмоқда. Иссиқхоналарнинг имконияти чексиз, пировардида, тадбиркорлар томонидан ёпиқ даладан 40 тонна маҳсулот тайёрланиб, унинг асосий қисми хорижга экспорт қилинган. Тадбир доирасида иссиқхона хўжаликларида учрайдиган зараркунанда ҳашаротларни аниқлаш, унга қарши олиб бориладиган профилактик ишлар, бу соҳадаги илғор тажрибалар ҳақида тавсиялар билдирилди.
Кўргазмали семинар иштирокчилари тумандаги “Жалолов Жонибек” фермер хўжалигининг 30 сотихли иссиқхонасида бўлиб, редиска етиштириш агротехникаси билан яқиндан танишди, маҳсулотнинг сифати фитосанитар ҳолатини кўздан кечирди. Қишлоқ мулкдорига зараркунанда ҳашаротга қарши курашишда кўпроқ самара берадиган биологик усулни қўллаш зарурати ҳақида тавсиялар берилди.
Бахтигул Ғаниева.