Истеъдоди бор спортчига замонавий шароит керак

Самарқандда бугунги кунда 24 та олимпия, 4 та миллий, 34 та ноолимпия спорт федерацияси, миллий паралимпия қўмитаси вилоят бўлими, 2 та жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳамда 1 та спорт кенгаши, жами 66 та спорт ташкилотлари фаолият кўрсатяпти.

 Мазкур федерация ва муассасалар томонидан жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, аҳолининг спортга қамровини ошириш, терма жамоаларга спортчилар етказиб бериш, спорт иншоотларининг моддий-техник базасини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда ҳам Инвестиция дастури ҳамда “Ташаббусли бюджет” маблағлари асосида вилоятдаги қатор спорт-таълим муассасаларида спорт иншоотларини мукаммал таъмирлаш ва янгидан барпо этиш белгиланган эди. Ушбу йўналишдаги ишларнинг бажарилишини ўрганиш мақсадида вилоят спорт бошқармаси томонидан спорт объектларига пресс-тур ташкил этилди.  

Дастлаб оммавий ахборот воситалари вакиллари Қорасув массивида жойлашган футбол академиясида бўлди ва бу ерда ёш футболчиларга яратилган шароитлар билан танишди.

154 ўринли спорт-таълим муассасасининг қурилишига 35 миллиард сўм маблағ сарфланган бўлиб, ўқувчиларнинг таҳсил олиши, машғулотларда қатнашиши, овқатланиши ва яшаши учун барча шароит яратилган.

– Уч қаватли замонавий ўқув бинода 12 та синфхона, 5 мингта китоб сиғимига эга кутубхона ва ўқув зали мавжуд, – дейди вилоят футбол академияси директори Илҳом Юнусов. – 154 ўринли ошхона ва ётоқхона, иккита ювиниш хонаси, тиббиёт хонаси, стандарт талабларга мос иккитадан табиий ва сунъий футбол майдони, спорт зал, машғулот зали, сауна ва бассейн ўқувчилар ихтиёрида.

Ҳозирда спорт муассасамизда 23 нафар тренер, 14 нафар фан ўқитувчиси қўл остида машғулотлар ва таълим жараёни олиб борилмоқда. Жорий йил академиямизда 24х48 метр ўлчамли енгил конструкцияли спорт зали қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ёзнинг иссиқ, қишнинг совуқ кунларида ҳам мунтазам машғулотлар олиб бориш имконини беряпти.

 

Гимнастика маркази жаҳон андазалари талаби даражасида бўлади

Замонавий моддий-техник ва ўқув-машқ базасига эга бўлган ҳудудий гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказининг қурилиш ишлари давом этяпти. Ҳозирда марказда қурилиш-таъмирлаш ишлари якуний босқичда. 

- Марказнинг қурилиш ишлари 2023 йилда бошланган, - дейди қурилиш ишлари бош муҳандиси Саидмурод Кунузоқов. – Бугунгача биринчи босқичда 42х66 метр ўлчамдаги спорт зали тўлиқ қуриб битказилди ва иссиқлик тизими билан таъминланди. Иккинчи босқичда 160 ўринли ётоқхона, 80 ўринли ошхона қуриб битказилиш арафасида. Жами қурилиш-монтаж ишлари 65 миллиард сўмга баҳоланган бўлиб, бугунгача 45 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. 

Шунингдек, янгидан қурилаётган марказда гимнастика бўйича мутахассислар ҳам иш олиб бормоқда. Хусусан, 240 томошабин ўринга эга спорт залининг жиҳозланиши, ювиниш, кийиниш хоналари, уларни ўрнатиш ва мослаштириш ишлари мутахассислар тавсияси билан амалга ошириляпти.

Спорт соҳасида қурилиш ишларининг кўлами кенг

Пресс-тур давомида бир нечта спорт-таълим муассасаларида шу кунгача бажарилган реконструкция ишлари билан ҳам таништирилди.

Хусусан, Самарқанд шаҳар 2-сон спорт муассасасининг спорт зали ҳамда стадионини реконструция қилиш учун маҳаллий бюджетдан ажратилган 4 миллиард сўм ҳамда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2024 йил биринчи мавсуми ҳисобидан 18х42 метр ўлчамдаги спорт зали ва футбол ўйингоҳи майдони кўкаламзорлаштирилган. Мактаб раҳбарияти ва мураббийлар бундай шароитларнинг яратилиши ўқувчиларининг спорт машғулотларида ижобий натижаларга имконият яратаётганини таъкидлади.

Спорт соҳасидаги келгуси режаларга эса паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига енгил конструкцияли 18х42 ўлчамдаги спорт зал қуриш, ўқув биноси, ётоқхона ва ошхона биноларини реконструкция қилиш, шунингдек, Самарқанд Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳудудида камондан ўқ отиш мажмуасини қуриш ишлари киритилган.

Сулаймон Мардиев.