Ихтисослаштирилган мактабда муаммо йўқми?
Фарзанди келажагига бефарқ бўлмаган ота-оналар боласини сифатли таълим берадиган мактабда ўқитишни истайди. Аммо шу пайтгача қишлоқларда бундай имконият кам эди. Республика Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонига кўра, 2022-2023 ўқув йилида деярли барча туманларда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди.
Ушбу мактабларга ўқитувчи ва ўқувчилар танлов асосида саралаб олинди. Биз Оқдарё туманидаги ихтисослаштирилган мактаб фаолияти билан танишдик.
Мактаб туманнинг Зарафшон маҳалласидаги 57-умумий ўрта таълим мактаби биносида ташкил этилган. Биноси капитал таъмирланиб, ихтисослаштирилган мактабга мослаштирилган.
- Мактабдан фарқи фанлар амалиёт билан бирга интеграллаштирилган ҳолда ўтилади, - дейди директорнинг ўқув ишлар бўйича ўринбосари Адҳамхўжа Нозимов. - Ҳар чорак якунида ўқувчилар фанлардан ўтилган мавзулар бўйича лойиҳа тайёрлайди. Энг қизиғи, ҳозир мактабларда ўқитувчилар лойиҳа қилишга ўргатилаяпти. Бизда эса ўқувчилар лойиҳа қилиш билан шуғулланяпти. Мактабимиз аниқ фанларга йўналтирилгани боис, мусиқа, жисмоний тарбия ва чизмачилик фанлари қисқарган, бунинг ҳисобига математика фани ҳафтада етти соат ўқитилади.
Ихтисослаштирилган мактабга 5-синфдан 11-синфгача бўлган 456 нафар ўқувчи аниқ фанлар йўналишига қабул қилинган. Ўқувчилар туман бўйича саралаб олинган бўлиб, энг узоғи 25 километр масофадан, яъни Пўлатдархон маҳалласидан келади. Ота-оналар фарзандларининг қатнаб ўқишига шароит яратиб берган.
Шунингдек, мактабда 5-синф ўқувчилари инглиз тилидан A-1 даражасини ўрганади, 6-синфда A-1+ даражасини, 7-синфда А-2, 8-синфда А-2+, 9-синфда В-1, 10-синф В-1+, 11-синфда В-2 даражани ўрганиб, IELTSда камида 6,5 балл қўлга киритадиган билимга эга бўлади. Инглиз тили дарсликларидаги дастур шунга мослаштирилган. Инглиз тили ва математика фанларида синф ўқувчилари иккига бўлиниб, яъни 12 нафардан ўқитилади. Ҳар бир синфда ўқувчилар сони 24 нафардан, ундан ошиши мумкин эмас.
Оддий мактабларда баҳолаш тизими Kundalik.com орқали амалга оширилса, ихтисослаштирилган мактабларда MZINFOCOM сайти орқали баҳоланади.
Ўқитувчилар икки ҳисса устама олади
Аниқ фанлар йўналишига ихтисослаштирилган мактабнинг математика фани ўқитувчиси Сардор Бердиқулов жорий йилнинг 21 февраль куни математика бўйича бўлиб ўтган халқаро танловда қатнашиб, республика миқёсида биринчи ўринни қўлга киритган ва GMAT (Graduate Management Admission Test) сертификатига сазовор бўлган. Уч нафар рус тили, олти нафар инглиз тили ўқитувчилари ҳам чет тилини билиш бўйича халқаро сертификатга эга.
- Инглиз тили ўқитувчимиз Самад Қудратов келаси ойдан оширилган иш ҳақи ҳисобига 13 миллион сўм атрофида маош олади, - дейди ихтисослаштирилган мактаб директори Нусрат Сулаймонов. – Унга халқаро сертификати учун 50 фоиз, Агентлик томонидан 75 фоиз устама тўланади. Энди математика фани ўқитувчимизга ҳам мактаб устамасидан ташқари халқаро сертификати учун 50 фоизлик қўшимча устама берилади. Шунингдек, халқаро даражадаги сертификатга эга бошқа инглиз ва рус тили ўқитувчилари ҳам икки ҳисса устама олади. Қолган ихтисослаштирилган фан ўқитувчилари 60 фоиз, ноихтисослаштирилган фан ўқитувчиларига 40 фоиз қўшимча устама пули берилади. Бугун ёшларимиз чет элни орзу қилмасдан астойдил билим олса, ўзимизда ҳам бемалол яхши яшаши учун ҳалол пул топа олади. Бунинг исботини ўз ҳаётим мисолида кўрдим.
Мактабда ўқувчилар соат 14:00 гача дарсларда, сўнгра 16:00 гача турли тўгаракларда иштирок этади.
- 2022 йилнинг ноябрь ойида робототехника бўйича Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигида ўтказилган халқаро онлайн танловда тўрт нафар ўқувчимиз – Баҳромжон Арипов, Жасур Тўрақулов, Ситора Казакова, Инъомжон Арипов учинчи ўринни қўлга киритди, - дейди ахборот технологиялари фани ўқитувчиси Моҳигул Мажидова. – Ўзим ҳам август ойида робототехника бўйича Жанубий Кореяда малака ошириб келдим. Дарсдан сўнг ўқувчиларга тўгарак машғулотлари ўтаман.
Информатика хонасида бир ўқувчи компьютерда ишлаётган экан. Ундан қандай машғулотни бажараётганини сўрадик.
- Заводда ишлаб чиқаришдан чиқаётган тутунга генератор қўйиб, унинг иссиқлигига яна энергия ишлаб чиқиш ҳақида бош қотиряпман, – дейди 9-синф ўқувчиси Мансурхон Рустамов.
- Мактабимизга иқтидорли ўқувчилар сараланган, - дейди Нусрат Сулаймонов. – Ҳукуматимиз жойларда мана шундай ихтисослаштирилган мактаблар очгани тўғри сиёсат бўлди. Яна ўн йилдан кейин бу ўқувчилар мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшадиган етук мутахассислар бўлиб етишади. Тараққиётга билимсиз эришолмаслигимизни бугун одамлар тушуниб етди. Шунинг учун ҳам ота-оналар фарзандининг келажагига беэътибор эмас.
Ўқувчилар учун 9200 сўмлик тушлик
- Ошхонамизни Жамшид Ҳолиқулов исмли тадбиркор юритади, - дейди ихтисослаштирилган мактаб директори. – Тушликда ўқувчиларга атиги 9200 сўмга иссиқ овқат, нон, чой, салат берилади. Ота-оналар ошхона учун ойлик тўловни амалга оширади. Шунингдек, 40 нафар кам таъминланган оила фарзандларидан тадбиркоримиз овқат пули олмайди.
Айни пайтда ихтисослаштирилган мактаб ҳовлисидан 250 ўринли ошхона ва мини стадион қуриляпти. Қурилиш ишлари келгуси ўқув йилигача тугалланиши режалаштирилган.
Мактабга дарслик китоблар келмаган
Ихтисослаштирилган мактаб ҳақиқатда ҳавас қилса арзийди. Кенг, шинам, замонавий жиҳозланган хоналар, билимли ўқитувчилар ва билимдон ўқувчилар атрофида атиргуллар экилган ўқув даргоҳига жуда муносиб. Аммо, ихтисослаштирилган мактабга ҳанузгача халқаро таълим дастурлари асосида тайёрланган замонавий дарсликлар берилмаган. Фақат инглиз тили фанидан 5-синфдан 11-синфгача дарслик китоблар мавжуд. Қолган фанлардан ўқитувчилар электрон дарсликлар асосида дарс ўтишяпти. Ўқув йили охирлаб қолган бўлса-да дарсликларнинг келмаганини нима билан изоҳлаш мумкин? Ноябрь ойида Каттақўрғон шаҳар ихтисослаштирилган мактабида ҳам шу муаммога дуч келгандик. Ўқув йили бошида дарсликларни чиқаришга улгуришмагандир, деган эдик ўшанда. Мана, охирги чоракда ҳам дарсликлар ихтисослаштирилган мактабларга етиб келмабди.
Шунингдек, Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан ихтисослаштирилган мактабга бадиий китоблар ҳам берилмаган.
- Туманимиздаги учта кутубхонадан 450 та китобни вақтинчалик олиб келганман, - деди кутубхоначи Дилбар Холмуродова. – Ҳозирча китоблар етади.
***
- Ихтисослаштирилган мактабнинг яна бир яхши томони, таниш-билиш орқали бу ерга ишга кириб бўлмайди, - дейди ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари. – Ҳар бир ўқитувчи Президент таълим муассасалари Агентлиги томонидан уч босқичли саралаш имтиҳонидан ўтгач, ишга қабул қилинади. Директор тўғридан-тўғри истаган ўқитувчини ишга ололмайди.
Қанийди, бошқа мактабларда ҳам мана шундай тартиб жорий қилинса, ёмон иллатларимиздан бири бўлган таниш-билишчиликка барҳам бериларди.
Яна бир гап. Президент таълим муассасалари агентлигига тегишли ходим “Ихтисослаштирилган мактабларни ёзиб нима қиласиз? Бунинг учун ким-кимлардан рухсат олиш керак”, деганди. Аслида, ўзларининг муаммолари очилиб қолмаслиги учун шундай деган экан. Ҳалиям чуқурроқ ўрганилса, ихтисослаштирилган мактабларда ҳам муаммолар етарлича.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.