Жадидчилик: Ҳурлик учун кураш йўлидаги ҳаракат нега айнан мактабдан бошланган?
Маҳмудхўжа Беҳбудий озодликка эришишдан аввал юртни мустақил бошқара оладиган, миллий қадриятларини асраган ҳолда ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқадиган авлодни тарбиялаш зарурлигини англаб етди. Бу йўлда у ўз даврининг барча таъсирчан воситаларидан имкон доирасида фойдаланди.
Аввало, орзудаги авлодни тарбиялаш учун ҳаж сафарида кўргани каби янги илғор мактаблар очишни режалаштирди. Самарқандда 1903 йилдан мактаблар ташкил этила бошлади. Она тилида ўқитиладиган янгича дарсликлар яратиш ишига киришди. Самарқанд шаҳри яқинидаги Ҳалвойи ва Ражабамин қишлоқларидаги янги мактаблар учун «Рисолаи асбоби савод» (1904), «Рисолаи жуғрофияи умроний» (1905), «Рисолаи жуғрофияи Русий» (1905), «Мунтаҳаби жуғрофияи умумий» (1906), «Китобат ул-атфол» (1908), «Амалиёти ислом» (1908), «Тарихи ислом» (1909) китобларини ёзиб, чоп эттирди. Шу билан бирга, география ва тарих фанлари учун харита тайёрлаб, босмадан чиқарди. Мазкур нашрлардаги ўзига хос янги маълумот ва фикрлар, уларнинг аҳамияти ҳақида кўп гапириш мумкин. Бу борада илм аҳли катта тадқиқотларни амалга оширдилар.
Биз эса мисол тариқасида «Мунтаҳаби жуғрофияи умумий» дарслигига назар ташлаймиз. Эски мактабларда мутлақо ўқитилмаган, фақат жадид мактабларида татбиқ этилган, Беҳбудий ва сафдошларининг кофир деб эълон қилинишига сабаб бўлган мазкур фан аҳоли, айниқса, ёшлар онгида катта ўзгаришлар ясади.
Мактаб таълимига нега география олиб кирилди?
“Жуғрофия – илми жаҳоннамодур”, дейди Беҳбудий. Алломанинг географияга қизиқиши 1899 йилда ҳаж сафари билан мустаҳкамланди, дейишимиз мумкин.
«Мунтаҳаби жуғрофияи умумий» дарслигини мутолаа қиларкансиз, Беҳбудийнинг бу фандан мақсади нима эканлиги тўғрисидаги савол сизни қайта-қайта безовта қилиб туради. Сиртдан қараганда ҳаммаси оддийдек.
Масалан, дарсликнинг аввалида атамага шарҳ берилган: “Жуғрофия деган сўз юнон луғати арабийға таъриф арзи маъносиға, яъни ер ва туфроқни баён қилатурғон илмни(нг) отидур. Жуғрофия илмини неча нафъ фойда ва баёнлари бўладур”, дея бу фаннинг сиёсий, тарихий заруратини батафсил кўрсатиб беради.
“Анга қараб ушбу илмга тийишли баён ва фанлар бир неча исм ила аталадур. Чунончи ерни шаклдан осмон ила ер орасидаги хосияти ва осмондаги нимарсалар ила нисбати ва ҳаракатидан баён қилатурган илмни “Жуғрофияи риёзий”, ернинг хосияти туфроқ, паст ва баландлиги, ҳар хил гиёҳ ва конлари, тоғ, дарё, кўл, мизож ва ҳавосидин баҳс қилатурган илмни “Жуғрофияи табиий” аталадур. Ер юзидаги катта ҳодисалар ила уруғ, ҳукуматдорлик, хулоса – ер устиға бўлган воқеалар тўғрисинда ҳар бир навъ ишни ушбу илмға баён қилинуб, жуғрофия калимасини охириға ўшал ишға тааллуқ илм-фанни оти қўшиладур. Чунончи “Жуғрофияи тарихий”, “Жуғрофияи сиёсий”, “Жуғрофияи умроний” ва бошқаларидек. Хулоса, бу замонға жуғрофия илми дунёни ва ондаги халойиқ, ҳайвонот, умронот ва ҳарнаки, дунёға бордур – билдиратурган кераклик бир “илми жаҳоннамодур”.
Эътибор қаратган бўлсангиз фарзандларга тарих, сиёсат ҳақида ҳам шу фан воситасида сабоқ бермоқчи Беҳбудий. Хусусан, “Туркистон донишмандлари” фаслида тарих ва унда фаол бўлган, дунёни ҳайратга солган боболар ҳақида муҳим ахборотлар мавжуд. Муаллиф ёзади:
“Ақлий ва фанний илмларға китоб тасниф қилган мусулмон уламо ва ҳукамолари ниҳоят кўбдур. Инчунин, Туркистон музофотига авсуб шаръий ва ақлий илмларға китоб тасниф қилган ниҳоят машҳур уламоларни(нг) адади неча юздан ўтади. Бу китобимиз ақлий ва фанний илмларға тааллуқ учун ақлий ва фанний илмларға китоб тасниф қилган ва ниҳоят, машҳур Туркистон уламо ва ҳукамо, муаррих, мусаннифларни мунда ёзамиз, ки ушбудур. Агарда ақлий ва фанний илмларға китоб тасниф қилган “Туркистон уламолари”ни ҳамасини аҳволи ва таснифотини ёзмоқ лозим бўлса ушбу китобимиздан ҳам каттароқ бир китоб тайёрламоқ керак бўладур”.
Ўзининг кимлигини унутган ва оёқ ости бўлган авлодга донишманд боболарини танитаётиб, уларнинг кўплиги боис баъзиларини айтиб ўтамиз, демоқда Беҳбудий.
“Шайх ур-раис Ибн Сино Абу Али – луғат, мантиқ, жуғрофия, мусиқа, ахлоқ, кимё, абтисоли аҳкоми нужум, табиат, мувофиқ ал-табиат, ҳикмат, тиб, расад, нужум, илми наботот, илми тавҳидға юздан зиёда китоб тасниф қилгандур, ки мусулмон ҳукамоларини(нг) аввалидур. Аксар китоби оврупо тиллариға таржима бўлган. Ва фарангийлар “Ависсен” атайдурлар. Вафоти 428 санағадур.
Абу Наср Форобий – замонидаги барча тилларни билар экан, ки “Қонун” деган асбоби тағаннийни ижод қилиб экан. Барча тасниф қилган китоби 70 қадар. Ва илми тавҳид, фиқҳ, мусиқий, риёзий, ҳайъат, мантиқ, ҳикмат илмлариға таснифоти бор. Вафоти 339 нчи санағадур.
Хўжа Фахриддин – ҳикмат, тиб, фалакиёт, ҳайъатға таснифоти бор. Вафоти 868 санаға.
Ҳаким аз-Зариф Марвий – ҳикмат, тиб, шеърға.
Бадриддин Самарқандий – тибға.
Нажибиддин Самарқандий – тибға.
Абдураҳмон Хоразмий – ҳозирги “настаълиқ” хатини ижод қилган. Вафоти 9 аср ҳижрийға.
Абу Язид Балхий – тиб, ҳикмат.
Абдулраҳмон Марзавий – ҳайъат, тиб, ҳикматға.
Абдураззоқ Ҳиротий – таърихға. Вафоти 887 санаға.
Абу Иброҳим Кўрагоний – тибға. Вафоти 531 санаға.
Шариф Хоразмий – тибға.
Аҳмад бин Таййиб Сармисий – тиб, мантиқ, жуғрофия, таърих, ҳикмат, мусиқий, илми тавҳид, илми жабрға. Вафоти 283 санаға. Барча таснифоти 50 қадар.
Абу Маъшар Балхий – ҳайъат, нужумға ўндан зиёда таснифи бор. Вафоти 276 санаға.
Абу Жаъфар Хоразмий – юноний тилиға моҳир, нужум, илми жабр, жуғрофия, ҳикмат, ҳайъатға таснифи бор.
Аҳмад Фарғоний – ҳайъат, нужумға таснифоти бор, ки лотин тилиға таржима бўлган. Вафоти 226 санаға.
Муҳаммад Чағминий Бухорий – ҳайъатға мўътабар китоби бордур.
Али Қушчи Самарқандий – ҳайъат, жуғрофия, сарф, ҳисобға таснифоти бор. Вафоти 879 санаға.
Шамсиддин Самарқандий – ҳандаса, риёзияға таснифоти бор. Вафоти 600 санаға.
Мирзо Улуғбек Кўрагоний Самарқандий – ҳайъат, нужумға гўё мужтаҳид экан. Самарқандға расадхона бино қилиб, Зиж китобини тасниф қилганки, фаранг тилиға таржима бўлган. Вафоти 853 санаға.
Муҳаммад Хўжандий – ҳайъат, нужум уламосидан. Ва устурлоб истеъмол қилингандур.
Абдуллоҳ Фарғоний – ҳайъат, риёзий уламосидандур.
Абу Райҳон Хоразмий – юнон, ҳинд тилиға моҳир. 40 сана саёҳат қилиб, таърих, жуғрофия, нужум, фалакиёт, тиб, ҳайъатға 26 жилд китоб тасниф қилган ва барчаси фаранг тилиға таржима бўлган. Вафоти 430 санаға.
Муҳаммад Фарғоний – таърихга таснифи бор.
Абу Саъид Самъоний–ўттуз жилд таърихга таснифи бор. Вафоти 562 санаға.
Абдураззоқ Самарқандий – жуғрофияға таснифи бор.
Мир Абдулкарим Бухорий – таърихга таснифи борки, фарангийга таржима бўлгандур.
Булардан бошқа ақлий илмларға китоб тасниф қилган бир неча туркистоний донишмандларни(нг) таърих ва таржимаи ҳол китоблариға кўруладур. Ушбу маҳалға юқориға баён бўлганлар ила иктифо қилдук”.
Беҳбудий мусулмон дунёсининг, жумладан, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби боболаримизнинг салмоқли ҳиссасидан Европада бу илм ривожланганлигини алоҳида таъкидлаб, боболардан ўрнак олишга чақирди.
Номлари саналган донишмандларнинг аксари Мирзо Улуғбек академияси давригача яшаб ўтишган.
Давр бекларининг ўлпон тўлашдан қочиш мақсадидаги фитналари сабаб Мирзо Улуғбекнинг қатл этилиши илм-фаннинг томирига болта урган ва салтанат таназзули бошланган. Ҳукмдорларнинг маишатпараст ва золимлиги, олимларнинг мутаассиблиги сабаб жамиятнинг катта қисми саводсиз, ғариб аҳволга тушганлигини, охир-оқибат буюк давлат парчаланиб, Европа мустамлакасига айланганини изоҳлаб беради.
Миллат таназзули сабабларини тушунтириш кимга ёқмасди? Албатта, мустамлакачига! Нега унда масжидда ўқиладиган жума кунги маърузада бундай билимларни бераётган жадидлар кофир дея эълон қилинади? Бу сопини ўзидан чиқаришга ўрганган оқпошшо махфий хизмати фитнаси эди.
Патнисдек текисликда жойлашган Ер катта ҳўкизнинг бир шохида туриши, ҳайвон чарчагач Ерни иккинчи шохига ўтказаётганда зилзила содир бўлиши каби тасаввурдаги оломон маданиятини сақлашга, яъни онгсиз қулликни рағбатлантиришга йўналтирилган “Туркистон вилоятининг газети” (“ТВГ”)даги чиқишларга қарши ёзилган мақолаларида ҳам Беҳбудий география фанининг заруратини тушунтириб беришга ҳаракат қилади. Бу ҳақда алоҳида тўхталамиз.
Мухтасар хулоса қиладиган бўлсак, Маҳмудхўжа Беҳбудий мактаблар учун биринчилардан бўлиб нафақат география дарсликларини яратган олим ва педагог, балки ўз даврида бу фан воситасида озодлик учун курашишни мақсад қилган янги авлод тарбиячиси ҳамдир.
Ҳалим САИДОВ,
филология фанлари доктори, профессор.
(Давоми бор)