Жаҳон бозорида рақобат қиладиган озиқ-овқат маҳсулоти қандай талабларга жавоб бериши керак?

Вилоятимизда озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишловчи тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро даражада рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида "Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси мутахассислари жойларда тадбиркорлар билан учрашмоқда.

Булунғур туманидаги «Булунғур-Сандвик» қўшма корхонаси 2009 йилда ташкил топган, корхона Италиянинг «САНДВИК» технологиялари билан жиҳозланган.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириб, уларни қайта ишлаб, қуритилган мева-сабзавотларни хорижга экспорт қиладиган корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 минг тоннани ташкил этади.

– 2018 йилда «Best Veg Farm» корхонаси билан биргаликда мева-сабзавотчилик кластери ташкил қилиб, 341 гектар ер майдонида маҳсулотлар етиштирдик. Ушбу ер майдонларида етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қайта ишланиб, экспорт қилинади, дейди корхона директори Н.Юсупов. – Булунғур, Жомбой, Ургут ва Тойлоқ туманларидаги фермер хўжаликлари билан шартнома асосида маҳсулотлар қабул қилиб олинмоқда. Умумий қиймати 3 миллион 133 минг АҚШ доллари миқдорида 831,1 тонна қуритилган сабзавотлар экспорти амалга оширилди.

Корхонада маҳсулотларни қайта ишлаш мавсумида 200-250 кишигача мавсумий ишчилар ишга жалб қилинади. Уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 2,5-3,0 миллион сўмни ташкил қилади.
Корхона АҚШ, Россия, Германия, Франция, Украина, Қозоғистон, Туркманистон, Туркия, Эрон, БАА, Хитой ва бошқа давлатларга маҳсулот экспортини амалга оширади.

– Бугунги кунда вилоятимизда миллий маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқишда кенг кўламли ишлар амалга ошириб, сезиларли муваффақиятларга эришилмоқда, - дейди "Санэпидқўмита" Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Латиф Рустамов. – Экспортёр корхоналарнинг маҳсулотини жаҳон талабларига мос келадиган даражада етиштириб чиқаришлари учун соҳавий мутахассисларимиз мунтазам равишда ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Бу ўз навбатида юртимизнинг халқаро иқтисодий майдондаги иштирокини кенгайтириш, хорижий сармояларни жалб этиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.