Жаҳон чемпионати бўсағасида
Амалдаги Жаҳон чемпионлари ва Конфедерациялар Кубогини иккинчи таркиб билан қўлга киритган Германия термаси чемпионатнинг асосий фаворитларидан биридир. Йоахим Лёв шогирдлари Мексика, Швеция ва Жанубий Кореяга қарши баҳс олиб боради. Сўнгги йилларда кўрсатаётган ўйинларини эътиборга оладиган бўлсак, Лёв шогирдлари гуруҳ ўйинларида мусобақада узоқ вақт қолиши эҳтимоли юқори. "Немис машинаси" саралашнинг барча ўйинларида ғалаба қозонди. Рақиблар дарвозасига 43 та тўп киритиб, бор-йўғи тўртта гол ўтказиб юборди.
Битта дуранг билан бор-йўғи олтита тўп ўтказган белгияликлар ҳам ўз гуруҳида биринчи ўринни олди. Ўз сафида Эден Азар, Кевен де Брёйне, Ромело Лукаку, Тибо Куртуа каби истеъдодларни жамлаган жамоа ўзини кўрсатишига кўпчилик ишонмокда.
Бразилиялик мураббий Тите шогирдлари Неймар бошчилигида саралаш баҳсларида ажойиб натижа қайд этди. Сўнгги турда улар Алексис Санчес ва Артуро Видал каби юлдузларга эга Чили терма жамоасининг Россияга бориш умидини сўндирди. Улар иккинчи ўриндаги Уругвайдан 10 очко илгарилаб кетган ҳолда жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. "Пентакампеонлар" гуруҳда бироз қийинчиликка учраши муқаррар. Уларга қарши Сербия, Швейцария ва Коста - Рика термалари майдонга тушади.
Аргентина эса Месси бошчилигида қаҳрамонлик кўрсатиб, жаҳон чемпионати масаласини ҳал этган бўлса, минтақадан Родригес ва Фалкао билан Колумбия, Суарес ва Кавани билан Уругвай терма жамоалари ҳам келишади.
2010 йилги жаҳон чемпиони - Испания гарчи 2008-2012 йилларда халқаро майдонда ҳукмронлик қилган "Қизил фурия" саналмаётган бўлса-да, мусобақанинг кучли жамоаларидан бири мақомида эътироф этилмоқда. Улар камида ярим финалгача бора олишлари мумкин.
Бразилия, Германия ва Испания билан бир қаторда Франция терма жамоаси ҳам 10 йил ўтиб, чемпионликнинг асосий номзодлари орасига қўшилди. "Кўклар" мураббийи Дидье Дешам қўли остида Поль Погба ва Антуан Гризманн каби иқтидорларга тўла жамоа шаклланган.
Англия ва Испания саралаш ўйинларида ўз дарвозасидан энг кам гол ўтказган терма жамоалардир. Жо Харт ва Девид де Хеа дарвозасидан бор-йўғи учтадан тўп олиб чиқишди. Россияга, шунингдек, футбол юлдузлари Криштиано Роналду ва Роберт Левандовскилар ўз терма жамоалари билан ташриф буюради.
Мундиалнинг яна икки жамоаси Исландия ва Сербиядан ҳам мухлислар кучли жамоавий ўйинлар кутмокда. Дания, Швейцария ва Хорватия ҳам чорак финалга чиқишни орзу қилмоқда.
Африкада жамоалар сони бошқа қитъаларга нисбатан кўпроқ. 53 терма жамоа орасида Конгони ортда қолдирган Тунис чемпионатга йўлланмани қўлга киритган бўлса, Марокаш қитъа лидерларидан бири Кот Д` Ивуарни таслим этди. Сенегал эса Буркина-Фасо, Кабо-Верде ва ЖАР футболчиларига умуман имконият қолдирмади. Муҳаммад Салох бошчилигидаги Миср 1990 йилдан буён илк марта жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чикди. "Ўлим гуруҳи"дан ўрин олган Нигерия терма жамоаси Аҳмад Мусо бошчилигида Замбия, Жазоир ва Камерун футболчиларига жаҳон чемпионатига фақат томошабин сифатида бориши мумкинлигини билдириб қўйди.
КОНКАКАФ минтақасида саралаш ўйинлари чемпионатга йўлланма олган жамоаларни аниқлаб берди. АҚШ терма жамоаси Тринидад ва Тобагога 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйганлиги Панама ва Гондурас терма жамоаларига йўл очиб берди. Натижада Панама ўз тарихида илк марта мундиалга йўлланма олди.
Осиё қитъасидан келган жамоалар орасида мамлакатимиз терма жамоаси ҳам бўлиши мумкин эди. Аммо вакилларимиз саралаш босқичининг сўнгги ўйинида аламли тарзда чемпионат йўлланмасини бой берди. Бироқ ўтган мундиал каби юртдошларимиз ўйинларни алоҳида ифтихор билан кузатадилар. Чунки чемпионатда Осиёнинг 5 карра энг яхши ҳаками, жаҳон чемпионатининг 9 та учрашувини бошқариб, рекорд соҳибига айланган Равшан Эрматов ўз гуруҳи билан иштирок этади. Унга ҳакамларимиз А.Расулов ва Ж.Саидов, шунингдек, комиссар сифатида О.Арифов ҳамда ҳакамлар назоратчиси сифатида Ф.Абдуллаев ҳамроҳлик қилади. Шу тариқа ўзбек футболи тарихида биринчи марта Жаҳон чемпионатида бош ҳакам, лайнсменлар, ҳакамлар назоратчиси ва учрашув комиссари тўлиқ таркибда қатнашади.
Жаҳон чемпионатларида қитъамиздан Япония, Жанубий Корея ва Эрон термалари мунтазам иштирок этиб келишмоқда. Шунингдек, улар сафига Саудия Арабистони ва Австралияни ҳам қўшиш мумкин.
Дилмурод ТЎХТАЕВ
тайёрлади.