Жамоат транспортида имтиёзли юриш картасини бериш бўйича регламент тасдиқланди.
Ҳукумат қарори билан Шаҳар йўловчилар транспортида (йўналишли ва йўналишсиз таксидан ташқари) айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталарини бериш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламентга мувофиқ, қуйидаги шахсларга имтиёзли транспорт картаси берилади:
➖1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар;
➖1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;
➖1941–1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар;
➖Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;
➖ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар;
➖Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар;
➖кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс.
Имтиёзли транспорт карталарини олиш учун ҳудудий транспорт бошқармаларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали мурожаат қилинади.
Ваколатли орган аризани 2 иш кунида ўрганиб имтиёзли карта бериш ёки унинг берилишини рад этиш ҳақида мурожаат қилувчига маълумот юборади.
Давлат хизматини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди, имтиёзли карта чекланмаган муддатга берилади.
Қарорга мувофиқ, имтиёзли транспорт карталарини бериш босқичма-босқич:
➖Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида – 2023 йил 1 январдан;
➖республиканинг барча шаҳарларида – 2023 йил 1 майдан амалга оширилади.
Эски намунадаги гувоҳномалар 2023 йил 1 сентябргача ўз кучини сақлаб қолади.