Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Жартепа” чегара божхона постида 20 миллион сўмдан зиёд заргарлик буюмлари тўхтатиб қолинди

Қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик буюмларининг яширин йўллар билан олиб ўтилишига қарши божхона органлари томонидан тизимли равишда кураш олиб борилмоқда.

Шунга қарамасдан, ҳамон божхона қонунбузилиши ҳолатлари учраб турибди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси А.И. қўшни давлатдан Ўзбекистон Республикасига “Жартепа” чегара божхона пости орқали кириб келганда унга тегишли бўлган қўл юклари божхона назоратидан ўтказилди.

Фуқаро А.И. божхона чегараси орқали божсиз олиб ўтиш меъёрларидан хабардор бўла туриб, бошқа фуқаролардан “ташмачи” сифатида файдаланиб, умумий қиймати 20 миллион сўмдан зиёд, жами 503 грамм кумушранг металлдан ясалган заргарлик буюмларини божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтаётганлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан божхоначилар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга кўра, жисмоний шахслар томонидан вазни 65 граммгача бўлган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини божсиз олиб киришга рухсат этилган.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.