Жаслиқда ЙТҲ оқибатида 2 та юк машинаси ёниб кетди, бир ҳайдовчи вафот этди

2020 йилнинг 23 июль куни соат 18:05да ҳайдовчи, 26 ёшли Ш.С. ўз бошқарувидаги “DAF FT XF 105” русумли юк автомашинада Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани Жаслиқ посёлка фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 1009-1010-километрлари оралиғида ҳаракатланиб кетаётган бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у автомашина бошқарувини йўқотиб, ушбу йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетиб, ушбу йўналишда ҳаракатланиб келаётган Украина фуқароси, 32 ёшли И.С.нинг бошқарувида бўлган “Volvo” русумли юк автомашинасининг чап ён томонига бориб урилган.

Шундан сўнг у ушбу юк автомашинадан кейин ҳаракатланиб келаётган Украина фуқароси, 29 ёшли Ю.К.нинг бошқарувида бўлган “Volvo” русумли юк автомашинасининг олди томонига урилиб йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.

Оқибатда “DAF FT XF 105” русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси Ш.С. ҳодиса содир бўлган жойда вафот этган.

Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида “DAF FT XF 105” русумли юк автомашинаси ҳамда Ю.К. бошқарувидаги “Volvo” русумли юк автомашиналарида ёнғин келиб чиқиб, ҳар иккала юк автомашинаси бутунлай ёниб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.