Жавоби йўқ ғайритабиий ҳодисалар
Одамлар билан рўй берадиган айрим ғалати ҳодисаларни, ҳатто, олимлар ҳам тушунтириб бера олишмайди. Жумладан, сароблар ҳақида кўп эшитганмиз. Олимларнинг сароблар ғайриоддий ҳодиса эмас, балки физика қонунлари асосида пайдо бўлади, деган фикрда қолмоқда. Унда нега одамлар кўз ўнгида тарихий воқеа-ҳодисалар пайдо бўлишини ҳеч ким изоҳлаб беролмаяпти?
Тунда юрган отлиқлар ким эди?
Айрим халқларда самода учиб юрадиган шаҳарлар ҳақидаги афсоналар бор. Улар бу ҳодисотларни кучли сеҳр-жоду маросимлари таъсирида амалга оширилган, деб ўйлашади. Ўтган асрга оид қишлоқ ва шаҳарларнинг тасвирлари, қонли жанггоҳлардаги уришаётган одамларнинг қийқиришлари, шунингдек, турли ғалати овозларни эшитган гувоҳлар бор.
Жумладан, москвалик Б.Мозолевский кечаси сайр қилгани кўчага чиқади. Вақт алламаҳал бўлгани учун атрофда ҳеч кимга кўзи тушмади. Бироқ тўсатдан орқа томондан бир гуруҳ отлиқларнинг овози, отларнинг кишнаши ва сулуқ-жабдуқларнинг жаранглашларини эшитиб қўрққанидан ўзини четга отади. Аммо, ортида ҳеч кимни кўрмади. Борис бу ғайритабиий ҳодисадан анча вақтгача ўзига келолмай юрди. Бировга айтса ишонмайди.
Сирли йўл
Россиянинг Сергиево-Посад шаҳри яқинидаги икки қишлоқ ўртасида сирларга бой бўлган йўл бор. Бу кўчанинг маълум бир ҳудуди борки, ундан ўтган айрим йўловчилар одамларнинг бақириб-чақирган, итларни ҳуриши, араваларни ғижирлаган овозларини эшитганликларини таъкидлашади. Бироқ яқин орада бирорта аҳоли яшаш пункти ёки чорвачилик фермаси йўқ.
Ғайриоддий ҳодисаларнинг гувоҳлари айтишича, овоз келаётган жойга яқинлашиши билан худди олдида кўринмас девор пайдо бўлгандек бўлади. Унга урилиб олдинга юролмай қолишади. Натижада энг довюракларда ҳам кучли қўрқув пайдо бўлиб, ортларига қарамай қочишга мажбур бўлади. Баъзиларга таёқ билан дарахтга ураётган овозлар эшитилса, айримларнинг кўзларига ёлғиз қария кўринади. Олдига яқинлашиб бориши билан тўсатдан … кўздан ғойиб бўлади. Маҳаллий халқнинг айтишича, қадимда бу ерларда қатлгоҳлар жойлашган бўлиб, минглаб одамлар ўлдирилган экан.
Ғалати ибодатхона
Юқорида тасвирланган ҳодисаларни оддий саробга ёки галлюцинация дейиш мумкиндир. Бироқ, айрим ҳолатларда нафақат эшитиш ёки кўриш, балки қўл билан ушлаш мумкин бўлган ҳодисаларга ҳам дуч келинган. Бундай ҳолат шотландиялик Ж.Рассел билан содир бўлган. У эски ибодатхона харобаларини айланиб юрар экан, бирданига кўз ўнгида ибодатхонанинг вайрон бўлмасдан илгариги ҳолати пайдо бўлади. Ичкарида ибодат қилаётган руҳоний ва шам ушлаб турган ўнлаб одамларни кўради. Рассел эса ҳайратланганидан қотиб қолади ва ичкарига киришга ботинолмайди.
Тепаликдаги ғойиб бўлган қалъа
Яна бир қизиқарли воқеа 1960 йилда америкалик биолог олим билан содир бўлади. Олим ўз оиласи билан ўрмонга дам олишга боради. Табиат қўйнидан завқланиб кеч тушганини сезмай қолишади. Аксига олиб машинаси ҳам ботқоққа ботиб, юрмай қолади. Шундан сўнг яқин орадаги йўлга чиқиб олиш учун пиёда йўлга чиқишади. Зўрға бир тепаликка кўтарилгач, кўз ўнгида ўрта асрларга хос бўлган ёғоч қалъа пайдо бўлади. Ҳатто соқчилар турган минора ҳам кўриниб турарди. Синчиклаб кўриш учун машъала ёқишди, бироқ ёруғликда қалъадан асар ҳам қолмаган эди. Барчаси ҳавога сингиб кетгандек, йўқолиб қолди.
15 километр баландликдаги арвоҳ-шаҳар
Рус космонавт-учувчиси Кричевский реактив самолётда машғулот олиб бораётган эди. Нижегород вилояти устидан учиб ўтаётганда кутилмаганда арвоҳ-шаҳарга дуч келиб қолди. 15 километр тепада пайдо бўлган қадимий шаҳар тасвирларидан лол бўлиб қолди. Учувчи ўзини йўқотиб қўймади. Бир неча бор тезликни оширганча тепага-пастга кўтарилиб, қадим шаҳардан чиқиб кетди.
- Осмондаги арвоҳ шаҳар – энди қурила бошланган Санкт Петербург шаҳрининг худди ўзи эди, - дейди Кричевсий. – Чунки шаҳар қурилишини тасвирлаган рассомларнинг ижодий маҳсулларини кўп кўрганман. Бу ғаройиб тасвирлар фақат маълум бир баландликда ва тезликда учганларнинг кўзига кўринади.
Дилмурод Тўхтаев тайёрлади.