“ЖЧ-2022”: Жанубий Корея терма жамоаси ганаликларни таслим қила оладими?
Қатарнинг Доҳа шаҳри яшил майдонларида бўлиб ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг кечаги учрашувлари мундиалда яққол фаворит ёки аутсайдер йўқлигини кўрсатди.
Биринчи турда испанлар Коста-Рикани 7:0 ҳисобида мағлуб этган, германияликлар кутилмаганда Японияга имкониятни бой берганди – 1:2.
Кўпчилик иккинчи босқичда плей-оффга чиқадиган икки жамоа номи аниқ бўлади, деб ўйлаганди. Аммо ҳозирга келиб, ҳар тўртала жамоа учинчи босқичда ё плей-оффга чиқиши ёки гуруҳда қолиб кетиш эҳтимоли борлиги билан футбол мутахассислари ва ихлосмандларининг эътибор марказида бўлиб турибди.
Япония Коста-Рикани мағлуб этганида, саралашдан ўтган бўларди. Бироқ рақибига 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган "самурай"лар вазиятни қийинлаштирди. Испания ва Германия 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Натижада Испанияда 4 очко, Япония ва Коста-Рикада 3 очко бор. Германия бир очкога эга бўлса-да, плей-офф йўлланмасидан умидини узгани йўқ.
Барча масала 1 декабрь куни Япония – Испания, Коста-Рика – Германия учрашувларида ҳал этилади.
Бугун футбол мухлисларини “G” ва “H” гуруҳидаги муросасиз ўйинлар кутиб турибди. Иккинчи турда Жанубий Корея Гана билан ўйнаса, Уругвай терма жамоаси Португалияга қарши майдонга тушади. Бразилия ва Швейцария ҳамда Камерун ва Сербия терма жамоаларининг ўйини натижалари ҳам кўп нарсага ойдинлик киритади.
Бугунги учрашувлар:
Соат 15:00. Камерун — Сербия (G)
Соат 18:00. Жанубий Корея — Гана (H)
Соат 21:00. Бразилия — Швейцария (G)
Соат 23:59. Португалия — Уругвай (H)