"Жомбой" - биринчи лигада тўп сурадиган бўлди

Жомбойнинг «Жомбой» футбол жамоаси Тошкентда бўлиб ўтган иккинчи лига клублари иштирокидаги ўтиш баҳсларини муваффақиятли якунлади.

Жомбой жамоаси «Цементчи»ни 3:1 ва «Даштобод» жамоасини 4:0 ҳисоблари билан мағлуб этишга эришди.

Ярим финалда «Лочин» жамоаси устидан пенальтилар сериясида 5:4 (асосий вақтда ҳисоб 2:2 бўлган) ҳисобида устун келган И.Кострикин ва Ш.Камолов бошчилигидаги жамоа финалда «Нефтгазмонтаж» клубига қарши тўп сурди. Ўйинда 2:1 ҳисобида зафар қучган жомбойликлар 2021 йилда Биринчи лигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Маълумот учун, Биринчи лига нуфузи жиҳатдан Суперлига ва Про лигадан кейинги ПФЛ томонидан ўтказиладиган учинчи даражали чемпионат саналади.