Жомбойда мақом кечалари ташкил этилади

Бугун биз, ёшлар замонавий технологиялар асрида яшаяпмиз. Истаган спектаклни, маданий кечаларни, бадиий фильмларни интернет тармоғи орқали куннинг ҳохлаган вақтида томоша қилишимиз мумкин. Аммо саҳнада спектакль қаҳрамонлари билан бирга уларнинг ҳаяжонига шерик бўлиш кишига ўзгача ҳаяжон бағишлайди.
Бу борада театрларимизнинг ўрни беқиёс. Афсуски, туманларда театрлар фаолият юритмайди. Шу сабаб барча туманларда аҳолининг маданий дам олиши, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун маданият марказлари ташкил этилган. Бугун Жомбой туманида ҳам 3 та маданият маркази фаолият юритади. Уларда 274 та тўгарак ташкил этилган бўлиб, 898 нафар ёшлар қамраб олинган. Улар бўш вақтида ҳунармандчилик ва санъатнинг бирор йўналишини ўрганиш билан бирга бундан маданий дам олади.
Оддий мисол. Тасвирий санъат тўгарагига қатнашиб, табиат манзарасини чиздингиз. Унга боқиб қанчалик эстетик завқ олишингизни биласизми? Нафақат сиз, балки бошқаларга ҳам ёқимли кайфият улашасиз. Ёхуд ўз қўлингиз билан кўзача асаб, яқин кишингизга ҳадя қилдингиз. Бу унга бир олам қувонч бахш этиши шубҳасиз. Аста-секин уларни ясаб, сотиш имконияти ҳам пайдо бўлади.
Шунинг учун маданият марказларида, санъат даргоҳларига ёшларимизни қизиқтириш, кўпроқ жалб этиш лозим. Уларнинг санъат орқали маънавий оламини бойитиш мумкин. Шу билан бирга туманимиздаги 56 та умумтаълим мактабига ҳам 250 дан ортиқ тўгараклар ташкил этилган. Мақсад ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларга сабоқ бериш.
Бу йил туманимизда истеъдодли ёшларни ҳар томонлама рағбатлаштириш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. Жумладан, маданият ва санъат соҳасида алоҳида ютуқларга эришган 5 нафар ёшларни маданият ва санъат олийгоҳларида маҳаллий бюджет ҳисобидан ўқитиш ҳамда туманда алоҳида иқтидорга эга бўлган 15 нафар истеъдодли ёшларни саралаш, тарбиялаш ҳамда уларни рағбатлантириш чораларини кўриш белгиланган. Бу каби тадбирлар чекка ҳудуддаги ёшларда ўзига бўлган ишончни уйғотиб, истеъдодини шакллантиришга ва янада ривожлантиришга ҳам амалий, ҳам маънавий кўмак беради.Жомбой тумани халқ оғзаки ижодига бой ҳудуд. Бугун момоларимиздан қолган лапарларни, айтишувларни қайта тиклаш, миллий номоддий маданий меросимизни асраш ва уларни ёшларимиз орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида “Қадим халқ оҳанглари” фестивалини ташкил ҳам режалаштирилган. Шу билан бирга “Жомбой тароналари” халқ ансамбли ҳам 10- ва 19-сон болалар мусиқа ва санъат мактаблари бадиий жамоалари аҳолининг маданий дам олиши учун ўз концерт дастурларини намойиш этади. Элимиз ардоғидаги ёзувчи ва санъаткорлар ҳамкорлигида мақом кечаларини ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Бу каби тадбирлар ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиш билан бирга уларнинг миллий қадриятларимизга бўлган муҳаббатини уйғотиши шубҳасиз.
Шаҳзода Ҳамидова,
Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Жомбой тумани бўлими бошлиғи.