Спорт соҳасида қандай коррупция ҳолатлари учраяпти?

Вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Нурмонов ҳамда соҳа масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларига шу ҳақда маълумот берилди.

Дастлаб спорт соҳасида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Таъкидланишича, коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини шакллантириш учун бошқармада коррупцияга қарши курашиш жамоатчилик тузилмаси, шунингдек, спорт соҳасида қонунбузилиш ҳолатлари ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш учун вазирлик тизимида алоқа каналлари ҳамда ишонч телефонлари ишламоқда.

– Вилоят спорт бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида коррупция ҳолатларининг   олдини   олиш   ва   унга   қарши   курашиш  мақсадида   вилоят прокуратураси билан биргаликда “йўл харита” ишлаб чиқилган, – дейди Ж.Нурмонов. – Шу асосида тизимда коррупция эҳтимоли юқори бўлган маъмурий кадрларни танлаш, иш ҳақларини ҳисоблаш ва тўлаш, спорт таълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилиш, спорт муассасаларининг моддий-техник таъминоти, тренер-ўқитувчиларга малака тоифасини бериш, спорт паспортини бериш жараёнлари назорат қилиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида жисмоний ва юридик шахслар томонидан 54 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг еттитаси коррупцияга оид. Ушбу мурожаатлар бошқарма мутахассислари томонидан ўрганилиб, тегишли органларга юборилган. Улар иштирокида коррупцион ҳолатларнинг олди олинган.

Матбуот анжуманида тизимда юзага келиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш, ортиқча оворагарчиликка барҳам бериш мақсадида соҳадаги 24 та йўналишни қамраб олган янги “ЕRP-Sport” ягона электрон бошқарув тизими ишга туширилгани ҳам айтилди.

Хусусан, вазирлик тизимидаги спорт иншоотларида пуллик хизмат кўрсатиш жараёнлари (электрон билетлар, абонемент ва бошқа тўловлар)нинг автоматлаштирилган “Хизматлар назорати”  ахборот тизими жорий қилиниб, инсон омили аралашишига чек қўйилган. Давлат бюджетидан спорт соҳаси учун ажратиладиган ва бюджетдан ташқари маблағлар тақсимланиши ҳамда ишлатилишини тўлиқ назорат қилиш учун “Молия” ахборот тизими жорий қилинган.

Шу орқали спорт соҳасига ажратилаётган маблағларнинг ноқонуний сарфланиши, талон-торож қилинишининг олдини олиш бўйича мунтазам назорат олиб борилмоқда. Илгари коррупцион ҳолатларга олиб келиш мумкин бўлган спорт соҳасида бериладиган, сертификатлар, дипломлар ва гувоҳномаларни бериш тартиби ва ҳолатларига инсон омили аралашишига барҳам берилиб, ягона электрон реестр “Сертификатлаш” ахборот тизими ҳам фаолиятини олиб бормоқда.